Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий айтади: «Дамашқлик устозим 97 ёшда бўлса-да, тетик, кўзлари равшан, ҳатто тишлари ҳам соппа-соғ эди. У кишидан бунинг сабабини сўраганимда:“Ёшликда аъзоларимни гуноҳлардан асрагандим, қариганимда ҳам Аллоҳ таоло уларнинг хизматидан маҳрум этмади”, деб жавоб берди».
Аллома Табарий раҳимаҳуллоҳ 70 ёшида ҳам қайиқдан сакраб тушарди. У кишини кўрганлар: “Бунча куч-қувват қаердан?” деб сўрашганида, устоз: “Биз аъзоларимизни ёшлигимизда гуноҳлардан сақлаган эдик, қариганимизда эса Аллоҳ таоло уларни биз учун сақлаб қолди”, деди.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ 90 ёшдан ошган бўлса-да, далада ишларди. Буни кўрганлар: “Ҳали ҳам ёш йигитдек меҳнат қиласиз. Бунга қандай эришгансиз?” деб сўрашди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Мен ёшлигимни сақлаб қолдим, Аллоҳ эса кексалигимни сақлаб қолди”, деди.
“Ёшлигини сақлади” деган иборадан зинодан узоқ бўлиш тушунилади. Чунки зино умрни қисқартиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз ҳам зино қилади. Кўзнинг зиноси (номаҳрамга) қарашдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД