Анор қадим замонлардан шифобахшлиги билан эъзозланиб, меваларнинг султони ҳисобланган. Анорнинг юзлаб турлари мавжуд бўлиб, меваси таркибида органик кислоталар, витаминлар, шунингдек микробларни йўқ қилувчи моддалар мавжуд. Анорнинг асосан пояси, шохи, гули, илдиз пўстлоғи ва меваси даво сифатида қўлланилади.
Ўрта асрда Европалик табиблар анор шарбатидан асабларни тинчлантиришда фойдаланганлар.
Хитой табобатида анор гулларидан тайёрланган дамлама ичбуруғ, тишларнинг қимирлаб қолиши ва тушиб кетишиниyu олдини олишда фойдаланилган. Анор гулларининг қуритилган кукуни турли жароҳатларга ишлатилган.
Ҳинд табиби Бухан анор дарахтининг илдизидан лентасимон гижжаларни йўқотишда фойдаланган.
ХАЛҚ ТАБОБАТИДА:
Қондаги гемоглобин миқдорини ошириш учун – ярим пиёла анор, хом лавлаги, қизил сабзи шарбатига бир ош қошиқ асал солиб аралаштириб наҳорга ичилади.
Анорнинг хосиятлари
Ширин анор эрур ҳўл-совуқ ҳар вақт
Бу сўзга табиблар сўзидир ҳужжат
Аччиғидан сафро бўлур тору-мор
Ундан ёмон хилтлар туғилмас зинҳор,
Асал билан қўшиб агар ширинин
Ярага суркалса – йўқотар барин,
Чарчоқ, қулоқ оғриқ, оғиз яраси,
Меъда иллати ҳам кетар барчаси
Аччиғи сийдикни ҳайдайди кўпроқ,
Майҳуши наздимда яна яхшироқ,
Аччиғи зарардир еса томоққа,
Йўтал бўлса – шошмас эл ҳам емоққа,
Аччиқ, ширин яна ул майхуш анор,
Ҳафақон ҳайдовчи хосиятга ёр.
Анор гулининг хосиятлари
Гапирсам анор гулидан – совуқ-
Биринчи ўринда, иккинчи қуруқ,
Тиш милкин доимо қилур мустаҳкам,
Қон туфлаш дардини даф этар ҳар дам
Ичак ярасига ундан наф етар
Яра-чақаларни яна даф этар.
Ширин анор
Ширин анор сувини шиша ичига солиб,
Қайнаб чиққунча офтоб тиғига тутгин уни
Сўнг чўп билан кўзингга ўша сувдан суркасанг,
Кўз қичишни йўқотиб, кўпайтирар нурини.
“Табобат дурдоналаридан”
*****
Оғиз ичра пишган бир дона анор,
Мингталаб хом сувдан яхшидир минг бор.
Хусрав Деҳлавий
*****
Тўкди заҳмидин бағир қонини ҳижрон нолиши,
Ўйлаким сиқмоқ ила эл сув оқизгай нордин
Навоий
*****
Мунира АБУБАКИРОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мурид учун зарур шартлардан бири Аллоҳ олдидаги бурчини бажаришда йўл қўйган хатолари учун кўнглини ҳаё олови билан доимий ёқишидир.
Фузайл ибн Иёз дейдилар: “Бахтсизликнинг беш аломати бор: бағритошлик, кўз ёши тўкмаслик, беҳаёлик, дунёга ҳарислик, узун ва битмас орзулар уммонида сузиш”.
Донолар демишлар: “Инсонни Аллоҳдан қўрқув ва ҳаё тарк этган бўлса унда бошқа ҳеч қандай яхшилик қолмайди”.
Банданинг Аллоҳдан қай даражада ҳаё қилиши унинг иймони ва дунёга бўлган муҳаббати миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.
Улуғлар демишларки: “Ҳаё ва унс (хотиржамлик) кўнгил эшигини қоқиб кўради. Агар унда зуҳд (дунё севгисидан воз кечиш) ва вараъ (парҳезгорлик)ни топишса қўним топадилар, акс ҳолда тарк этадилар”.
Аллоҳ марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, (хотин) унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, (хотинга) интилар эди” (Юсуф сураси, 24-оят).
Бурҳон-ҳужжат ҳақида айтилганки: “Зулайҳо либоси билан хона бурчагида турган бут устини ёпиб қўйди. Буни кўриб Юсуф алайҳиссалом ундан: “Нима қиляпсан?”– деб сўраганларида аёл: “Бунинг олдида гуноҳ қилишга уяламан”, – деб жавоб берди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Менинг Аллоҳим ҳаё қилишлигим учун бу жонсиз бутдан кўра муносиброқ эмасми?!” – дедилар".
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.