muslim.uz

muslim.uz

Муборак Рамазон ойи ўзининг шукуҳ ва файзи билан давом этмоқда. Имон-эътиқодли ҳар бир юртдошимиз тилу дилида шукроналик билан ушбу табаррук ойнинг савоби самарасидан баҳраманд бўлишга бел боғлаган.

Рамазон ойини Аллоҳ хоссатан уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазоннинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Аввало, Рамазон Қуръон ойи дейилади. Чунки Қуръони карим ушбу ойда нозил бўлган. Хатму Қуръон ва таровеҳлар адо этиладиган, жину шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинадиган, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш, дуолар қабул бўладиган, хайр-саховат амаллари бажариладиган ва кўплаб фазилатлар ойи эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Мана шу улуғ айём кунлари ўзини мусулмонман деган киши борки, инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби олижаноб туйғуларга асосланган ислом дини мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан хабар олишга, эҳтиёжмандларга мурувват қўлини чўзишга, бир-бирига ўзаро меҳр-оқибат кўрсатишга ошиқмоқда.

Бу ой рўза тутиш билан бир қаторда бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Имом Термизий ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бу ойда меҳр-мурувват кўрсатишга чорлаб: «Эҳсонларнинг афзали Рамазон ойида қилинганидир», дея марҳамат этганлари келтирилган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ривоят қилинган Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жумладан, бундай дедилар: “…Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади». Шунда биз: «Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизку», дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади», дедилар».

Демак, кимки бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилар экан ва ўзига ҳам рўзадорники билан тенг савоб ёзилар экан. Бу ривоятдан бохабар юртдошларимиз муборак ойда имкон қадар рўзадорларга ифторлик беришга ҳаракат қилади.

Астойдил, холис савоб учун қилинган бағрикенглик, саховатпешалик чинданда эътирофга лойиқ. Атрофдагиларга кўз-кўзлаш, ўзини кўрсатиш, шунинг кетидан қандайдир манфаатга эришиш мақсадида саховат кўрсатиш эса кибр ва манманлик белгисидир. Афсуски, моҳи Рамазонда амалга оширилаётган айрим тадбирларда ана шу иллат кўриниб қолаётир.

Юқорида зикр этганимиз ҳадиси шарифда рўзадорга ифтор қилиб беришнинг савоби айтилиши билан бир қаторда бунга моддий имконияти бўлмаганларга Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам берилиши айтиб ўтилган.

Рамазон — тақво ойи, Рамазон — меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта, бу саховат ўз ўрнида қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не наф? Устига-устак бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжига чиқади.

Таассуфки, ифторлик беришда ҳам «кимўзар»га тушмоқдамиз. Қолаверса, бугун бу эҳсон тадбирни уйида эмас, ресторанларда катта жамоатни йиғиб, ўта дабдабали дастурхон атрофида ўтказиш ҳам тобора урф бўлиб бормоқда. Аслида киши ўзи истиқомат қиладиган хонадонга яқинлари, қўни-қўшнилар ва муҳтожларни таклиф этиб, камтарона қилган ифторлик ҳар томонлама мақбулдир. Унда силаи раҳм, қўшнининг ҳаққи ва муҳтожларга кўмак ҳосил бўлади, риё, манманлик ва исрофдан узоқлик бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).

Яна бир мулоҳаза. Аслида ифторлик фақат тўп-тўп одам чақириб, зиёфат бериш эмас. Балки эҳтиёжманд инсонларга озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб бериш, даволанишга имконияти йўқ беморларга дори-дармон улашиш, эҳтиёжлари учун уларнинг қўлига озми-кўпми, маблағ бериш ҳам энг аъло ифторликдир.

Бу табаррук ойнинг моҳиятию қимматини англаб, ўтказаётган тадбирларимизда, бажараётган амалларимизда, аввало, Яратган розилигини мақсад қилсаккина, муродга етишган бўламиз. Аллоҳ таоло ато этган барча неъматлар учун шукрона айтиб, бир-биримизга фақат ва фақат яхшиликни илинсак, эзгу амаллар йўлида саъй-ҳаракат қилсак, ҳар бир куни йилларга тенг бебаҳо ойнинг савобига эришишимиз мумкин, иншааллоҳ.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 

Самарқанд вилояти вакили

Рамазон фазилатларга бой ойдир. Уни ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ ибодату зикр, тиловату саловат ҳамда хайр саховат, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор.

Бошқаларга қилинган хайр-саховатнинг ажри қандай ҳам улуғдир. Хусусан хайр, саховат ойи бўлмиш рамазон ойида бўлса, унинг савоби бир неча каррот зиёда қилиб ёзилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади:
“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”.
Кўнгли синиқ, бироз иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатсангиз у Роббисига чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада Аллоҳ таоло садақа қилувчи инсоннинг қалбидаги ўйлаган мақсадини ато қилади.
Азалдан муборак рамазон ойи кириб келиши билан инсонийлик, шукроналик, сабр-қаноат каби фазилатларга, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади.
Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ҳамда Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Зафар Маҳмудовлар Самарқанд шаҳрида жойлашган 59-сон кўзи ожизлар мактаб интернатига бориб, у жойда тарбияланаётган ўқувчи ёшларни рамазон ойи билан муборакбод этди. Улар билан суҳбат чоғида З.Эшонқулов инсон қадр-қимматининг Аллоҳ таолонинг наздида нақадар улуғ эканлиги, ёшлик даврининг қадри, муборак рамазон ойи фазилатлари тўғрисида ояти карима ва ҳадиси шарифлардан намуналар келтирди. Шундан сўнг 260 нафар тарбияланувчиларга рамазон туҳфалари ҳадя қилинди. Учрашув жараёнида имконияти чекланган ўқувчилар орасида фан олимпиядалари ҳамда маданий ва спрот тадбирларида фахрли ўринларни қўлга киритган ғолибларга алоҳида совғалар тақдим этилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш ёки унинг қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир” дея марҳамат қилдилар. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар билан зийнатлайлик.
Аллоҳ таоло ушбу савобли амалларга ўз ҳиссаларини қўшган барча мўмин биродарларимизни улкан ажрлар билан мукофатласин!

 

Истиқлол шарофати ила миллий ва диний қадриятларимизга эркинлик берилиб, Рамазон ойи, Рамазон ва Қурбон ҳайити каби ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ инсоннинг маънавий камолоти билан боғлиқ миллий-диний қадриятларни тиклашга умумдавлат аҳамиятига молик устувор йўналиш сифатида қаралди.

Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний кадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб эттан инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлпик билан енгаб ўта олади. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайдРўза инсон соғлиғига катта фойдаси бор ибодатдир. Зеро, Расулуллоҳ (с.а,в.): “Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар” , — деганлар. Бу ҳикматли сўзнинг ҳақ экани ҳозирги замон табобати томонвдан ҳам исботлаган.

Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисни Расулуллоҳ (с.ав.)дан: Салмон Форсий (р.а) ривоят қилиб шундай дедилар:“Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло Бу ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда. кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошка ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, У сабр ойи. Сабрнинг мукофота эса жаннатдир. У — хайр эҳсон улашиладиган ой. У ойда мўмининг ризқи зиёда бўлади, Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гунохлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади “. Шунда биз: “Эй Расулулоҳ! Биз ҳаммамиз хам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизку ” — дедик. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса Аллох, киёматда унга хавзи кавсаридан бир култум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанкамайди. Рамазон — аввали рахмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг огирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гунохларини кечиради, ҳамда дўзахдан озод қилади ” – дедилар.

Рамазон ойи келганида Пайғамбаримизнинг (с.а.в) саховатлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам жанобнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларни бориб кўришимиз керак. Чунки бу амаллар, айниқса, ушбу муборак ойда кўп савоб бўладиган ишлардандир.

Рамазон ойининг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган  савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир.Муборак Рамазон ойида қилинган хайрли амалларга савоблар янада кўпайтириб берилади. Шундан умидвор бўлиб мўмин мусулмон халқимиз рўзадорларга ифторлик дастурхони ёзишга харакат қилишади. Албатта, рўзадорга ифторлик қилиб беришнинг савоби улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан ҳадислар ворид бўлган. Бироқ, хайру эҳсон дегани фақат дастурхон ёзиш дегани эмас. Балки, моддий жиҳатдан қийналган хонадонлар, етим-есир, бева бечораларга хайру саҳоват қилиш айни кунларда энг улуг савобли амал саналади. Биз ифторлик дастурхони атрофида ўтирганимизда бир нарса устида мулоҳаза қилмоғимиз лозим, ҳозир дунёда қанчадан қанча одамлар очлик азобини тортмоқдалар, миллионлаб гўдаклар очликдан нобуд бўлмоқда. Бир луқма таом ёки бир бурда нонга зор бўлганлар қанча. Аллоҳга шукрким, бизнинг Юртимизда ҳеч ким очликдан ўлмайди. Лекин, исрофдан тийилмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.Шундай экан, савоб талабида бўлган кишилар хайру саховатлари қанча бўлса ҳақдор кишиларни топиб уларнинг ҳожатларини чиқариш йўлларига сарфлашлари мақсадга мувофиқ, айни савоб ишдир. Қолаверса, меҳрибонлик уйлари ва боқувчисини йўқотганларга хайрия, мактаб, синфхона, кўчаларнинг таъмири, ногирон болаларга совға салом каби ишларга хисса қўшишлик бу ойда ажру савоби улуғ амаллардан саналади.Шунингдек, рўзадор киши кам таъминланган оилалар, етим-есирлар, бева-бечоралар ва беморларга имкон қадар ёрдам бериши, улардан ўзининг меҳр тафтини аямаслиги керак. Рўза мукаммал бўлиши учун рўзадор ёлғон сўзламаслиги, бировларни иғво қилмаслиги, туҳмат ва бўҳгондан йироқ бўлмоғи, нолойиқ сўзлар билан ўзгалар дилини оғритмаслиги керак.

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларида:“Қайси бир рўзадор одам ёлғон гапириш ва унга амал қилиш каби гуноҳларини тарк этмаса, ундай кишининг фақат еб-ичишнигина тарк этиб юришига Аллоҳ муҳтож эмас”, — деб марҳамат қилдилар (Бухорий ривояти).

Бу ойда бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Зеро, кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ўтказиладиган ифторликни оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, ҳар бир оиланинг имкониятидан келиб чиқиб, ниҳоят даражада иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш эса шариатимиз руҳига мос тушади. Шунингдек, рўзадор киши кам таъминланган оилалар, етим есирлар, бева-бечоралар ва беморларга имкон қадар ёрдам бериши, улардан ўзининг меҳр-оқибат тафтини аямаслиги керак. Рамазон ойида ўтказиладиган ифторликларни оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, ҳар бир оиланинг имкониятидан келиб чиқиб, исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ниҳоят даражада иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш эса шариятимиз рухига мос тушади.

Ушбу саодатли кунларда Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, ҳалқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиши, оилаларимизнинг маънавий камолоти, фарзандлар баҳт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб аҳлоқли Ватани, Ҳалқи, Дину-диёнатига садоқатли инсонлар бўлиб камол топишини Яратгандан сўраб қоламиз.

 Одилжон Нарзуллаев

 Янгийўл  туман Имом Султон” жоме масжиди  Имом  хатиби

 

 

 

 

                   

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 

Самарқанд вилояти вакили

Сторінка 7 з 2211
Top