Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Меҳнат мигрантларининг мушкули осон бўлади

12.03.2018   4579   6 min.
Меҳнат мигрантларининг мушкули осон бўлади

БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича бошқармаси маълумотига кўра, дунё аҳолиси йилига 83 миллион кишига кўпаймоқда.

Ана шу ўсиш суръатлари натижасида сайёрамиз нуфуси 2050 йилга бориб, ҳозирги 7,6 миллиарддан 9,8 миллиард нафарга етиши мумкин.  Ўзбекистонда ҳам туғилиш кўрсаткичлари кам эмас. Давлат статистика қўмитаси ахборотида келтирилишича, айни кунда юртимиз аҳолиси сони 32,6 миллион нафардан зиёд. Биргина ўтган йилнинг ўзида ўсиш кўрсаткичлари 1,7 фоизни ташкил этган.

Албатта, мазкур омиллар одамларнинг янги-янги иш ўринларига бўлган эҳтиёжини кучайтириши табиий. Қолаверса, қонуний меҳнат миграцияси дунё иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмига айланиб бораяпти. Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда давлатимиз мазкур йўналишда бир қатор хорижий мамлакатлар билан келишувларга эришмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги саъй-ҳаракати билан юртдошларимизни чет элда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилаётгани, албатта, таҳсинга лойиқ. 

Бироқ...

Муаммонинг илдизи қаерда?

Жорий йилнинг 18 январь куни Қозоғистон Республикаси ҳудудида 57 нафар йўловчи билан ҳаракатланаётган автобус ёниши оқибатида ҳамюртларимизнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар барчамизни ларзага солди. Бир куннинг ўзида 52 та қабр олов ичида қолган йигитлар жасадини бағрига олди. Афсуски, бундай фожиали ҳолатлар шу билан якун топгани йўқ. Қўшни давлатлар ҳудудидан хорижга йўл олган транспорт воситалари билан боғлиқ ҳалокатли ҳодисалар тез-тез кузатилмоқда. 

Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада? 

Мутахассислар фикрига кўра, узоқ масофага қатновчи автобуслар техник жиҳатдан соз, хавфсизлик ва қулайлик талабларига жавоб бериши шарт. Бироқ сўнгги вақтларда қўшни мамлакатлар ҳудудида фуқароларимизни хорижга ташиётган йўловчи автобуслари ана шу меъёрларга жавоб бермаганлиги туфайли бир қатор нохуш ҳолатлар келиб чиқаяпти. Республикамизда эса халқаро йўловчи ташиш рейсларини амалга оширувчи автотранспорт йўловчи ташувчилар деярли мавжуд эмаслиги муаммонинг илдиз отишига олиб келган омиллардандир. 

Бу — масаланинг бир жиҳати. Бошқа томондан, юртимизда темир йўл ва авиачипталар нархи автомобиль транспорти хизматларига нисбатан бирмунча қимматлиги ҳам фуқароларимизнинг қўшни республикалардаги муқобил транспорт хизматларига мурожаат қилишига сабаб бўлаяпти. 

Энди-чи? Бу муаммолар қандай ҳал этилади?

Чипталар чегирма билан сотилади 

2018 йил 5 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур ҳужжат юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, юртдошларимизга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

— Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт вагонларга темир йўл чипталари нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этилади, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Тариф бўлими бош мутахассиси Шаҳноза Алиева. —  Қолаверса, шу йили Россия ва Қозоғистон ҳудудлари ҳамда шаҳарларига янги темир йўл йўналишлари жорий этиш, меҳнат мигрантлари томонидан талаб юқори бўлган йўналишларда янги йўловчи поездларини қўйиш ҳамда плацкарт вагонлар сонини кўпайтириш каби устувор вазифалар белгиланган. Буларнинг барчаси хорижда вақтинча ишлаш истагидаги фуқароларимиз учун катта қулайликлар яратади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари Р. Ибрагимовнинг таъкидлашича, худди шундай имтиёзлар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг иқтисодий (эконом) класс авиачипталарини сотиб олишда ҳам қўлланилади. Шу билан бирга, қарорда темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун бундай юртдошларимизга “Алоқабанк” томонидан бир йилда бир марта 300 минг сўм миқдорида беғараз тўлов амалга оширилиши ҳам қайд этилган. 

Албатта, қай бир юртда бўлмасин, ҳалол меҳнат, пешона тери билан пул топишнинг айби йўқ. Аксинча, қонуний миграция — дунё бўйлаб кенг оммалашаётган жараён. Аммо хорижий мамлакатга етиб боришдан тортиб, ўзга юртдан тураржой топиш, ейиш-ичиш ва бошқа сарф-харажатлар учун маълум миқдорда маблағ зарур. 

Хўш, бунга қурби етмаганлар-чи? 

Пулингиз йўқми? Кредит олинг!

— Давлатимиз бу борада ҳам юртдошларимизга яқиндан кўмак беришни ўз зиммасига олмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э. Муҳитдинов. — Чунончи, Президентимиз қарорига кўра, “Алоқабанк” томонидан соддалаштирилган очиш шартлари билан “VISA-migrant” пластик карталари жорий этилиши кўзда тутилган. “Ипотека-банк” эса вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга 1000 АҚШ доллари эквивалентида кредит ажратади. Шу билан бирга, “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти Россия Федерациясига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни комплекс суғурта қилиш бўйича Россияда ўз ваколатхоналарини очиш, имтиёзли тарифлар асосида темир йўл ва авиачипталар сотишга ихтисослаштирилган кассаларида ушбу хизмат бўйича суғурта агентларини жойлаштиради.

Чиндан ҳам, ишлайман деганга имконият кенг. Шу маънода, вақтинча меҳнат қилиш учун сафарга йўл олаётган юртдошларимизга бу борада қўшимча қулайлик ва имтиёзлар яратилаётгани таҳсинга сазовордир. 

Ислоҳотлар самарасини эса вақт кўрсатади.

Фаррух БЎТАЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: http://xs.uz

Бошқа мақолалар

Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

07.07.2025   2618   4 min.
 Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:

Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим  у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.

Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени  ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.

Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар. 

Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!

Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.

Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.

“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.

Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз,  қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.

Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.

Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади”  (Тарж.).