Индонезия ва Папуа-Янги Гвинея чегараси яқинида жойлашган индонезиялик аскарлар Папуа вилоятининг Киром туманидаги Питеви-Арсо қишлоғида маҳаллий аҳолига масжид қуришга ёрдам берди.
Islam.ru порталига кўра, жамоат ишлари Индонезия- ПНГ 711/Rks пиёда батальони чегара ҳимояси бўйича тезкор гуруҳининг бир неча ҳарбий хизматчилари томонидан амалга оширилди.
Аскарлар ва қишлоқ аҳолиси масжидни қуриш учун зарур бўлган қурилиш материалларини кўтариш учун биргаликда ишладилар.
Маҳаллий мусулмонлар жамоасининг ҳурматли арбоби Алан масжидни қуришда ёрдам берган ҳарбий хизматчиларга миннатдорчилик билдирди.
Киром туманида жойлашган аскарлар учун маҳаллий аҳолига ибодат уйларини қуришда ёрдам бериш доимий ишга айланди.
2021 йилнинг июль ойи бошида бир неча аскар Санта-Мария черковини таъмирлаш учун Сомографи қишлоғи аҳолисига ёрдам берди.
Илгари Папуада жойлашган индонезиялик аскарлар маҳаллий аҳолига жамоат хизмати, жумладан, асосий озиқ-овқат, тиббий ёрдам, мобиль кутубхона ва кўчаларни тозалаш дастурлари орқали ёрдам берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар интилсангиз орзу этиб улкан шараф томон,
Юлдузлардан паст нарсага қаноат этманг ҳеч қачон.
Банда Аллоҳнинг тавфиқи ва баракасидан маҳрум бўлганда гўзаллик, заковат, куч-қувват ва маърифат инъомларининг барчаси мусибатга айланади. Шунинг учун Аллоҳ бандаларини ана шундай хафалик ва саросималикдан огоҳ этади. Масалан, сиз гоҳида йўлда кетаётган бўласиз, шунда сиз тарафга қараб бир машина елдек учиб келаётган бўлади. У кўзингизга баданингизни парчалаб, ҳаётингизга нуқта қўядигандек туюлади. Шунда бор кучингиз билан қутулишга ва омон қолишга интиласиз. Аллоҳ таоло бандаларига Ундан юз ўгирсалар ана шундай ҳалокат ва ўлимларга дуч келишларини билдиришни хоҳлайди ва нажотни У зотдангина излашларини буюради:
﴿فَفِرُّوا إِلَى اللَّهِ إِنِّي لَكُمْ مِنْهُ نَذِيرٌ مُبِينٌ وَلَا تَجْعَلُوا مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آَخَرَ إِنِّي لَكُمْ مِنْهُ نَذِيرٌ مُبِينٌ﴾
“Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман.Ва Аллоҳга бошқа маъбудни шерик қилманглар. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман” (Зарият сураси, 50-51-оятлар).
Инсон ўзини тиклаши, ҳаётини қайта тартибга солиши ва Роббиси билан ҳар куни олдингисидан афзалроқ алоқа боғлаши талаб этилади. Ушбу маънони бу дуо тўлиқ ифода этади: “Аллоҳим, Сен Роббимсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан, мен Сенинг қулингман. Мен имкон қадар Сенга берган ваъдам ва аҳдимда содиқман. Сендан қилган нарсаларим сабабли етадиган ёмонликдан паноҳ сўрайман. Менга берган неъматларингни эътироф этаман, гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени кечир, Чунки гуноҳларни фақат Сенгина кечиргувчисан”.
Бу дуони ҳар куни тонг отган ва кун ботган вақтда қайта ўқиш ва ўз ваъдасини қайта янгилаб олиш лозим.
Шуъла: Агар бирор ишингизда муваффақиятсизликка учрасангиз ҳеч қачон умидсизликка таслим бўлманг, тушкунликка тушманг. Сизни шак-шубҳалар чулғаб олишига асло йўл қўйманг!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан