Дунё янгиликлари

Ўзбекистондаги бағрикенгликнинг яна бир эътирофи

Американинг Глобал жалб қилиш институти (Institute for Global Engagement, IGE) веб-сайтида “IGE Ўзбекистонда эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш мақсадида тарихий “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумини ўтказди” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Мақолада Глобал ҳамкорлик институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми Тошкент, Самарқанд ва Бухорода шаҳарларида бўлиб ўтгани айтилган.

Материал муаллифлари ушбу халқаро тадбир диний эркинлик ва бағрикенглик соҳасидаги сўнгги йирик декларацияларни умумлаштирган тарихий “Бухоро декларацияси” қабул қилинганига алоҳида тўхталган. Мазкур ҳужжат кўп конфессияли мулоқотни ривожлантириш бўйича амалий фаолиятни кенгайтиришга хизмат қилади, фуқароларни диний бағрикенглик ва инсон ҳуқуқини мустаҳкамлаш учун ўзаро ҳамкорлик кўникмасини шаккллантиришга чақиради, дейилади саҳифада.

Шунингдек мақолада ушбу нуфузли анжуман доирасида “Дин ва қонун устуворлиги”, “Маданиятлараро диний саводхонлик” ва “Конфессиялараро муносабат ўрнатиш” мавзуларида ўқув дастури ташкил этилгани ҳақида маълумот берилган.

“Декларациялар мулоқоти” маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани, делегациялар аъзолари, жумладан, IGE президенти Крис Сайпл, Марказий Осиё бўйича катта илмий ходими Уэйд Кьюсак, бошқарув кенгаши аъзоси Надин Маэнза Ўзбекистон ОАВ вакилларига интервью бергани қўшимча қилинган.

Хусусан, материалда глобал операциялар бўйича вице-президент Жеймс Ченнинг сўзларидан иқтибос келтириб, “сўнгги йилларда дунё мамлакатларида диний эркинлик кескин бўғилган бўлса-да, Ўзбекистон бу борада сезиларли ижобий натижага эришгани, “Бухоро декларацияси” айни йуналишдаги ишларнинг давомийлиги белгиси” экани, эътироф этилган.

Маълумот учун: “Institute for Global Engagement” 2000 йил АҚШнинг диний эркинлик бўйича биринчи махсус элчиси Роберт Сайпл ва унинг рафиқаси Энн Сайпл (ташкилотнинг фахрий президенти Крис Сайплнинг ота-онаси) томонидан ташкил этилган. Ташкилотнинг мақсади Давлат департаменти ва бошқа диний ташкилотлар кўмагида турли дастурларни амалга ошириш орқали дунёда диний эркинликни тарғиб қилиш, шунингдек, соҳага оид муаммоларни ҳал қилиш учун хорижий ҳукуматлар билан мулоқот олиб боришдан иборат. IGE дунё жамоатчилиги олдида барча динлар ўзаро тинч-тотув яшаши учун шароит яратишга интиладиган христиан ташкилоти сифатида намоён бўлади.

2018 йил сентабрь ойида имзоланган уч томонлама меморандум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда диний эркинлик бўйича норасмий ишчи гуруҳ тузилган. 2019 йил ноябрь ойида 40 дан зиёд экспертлар, дин арбобларининг Ўзбекистонга сафари ташкил қилинди. Ташриф доирасида AҚШнинг турли штатларидан келган имомлар, раввинлар ва пасторлар иштирокида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 839 times

Янгиликлар

Top