Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Апрел, 2026   |   18 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:35
Қуёш
05:57
Пешин
12:30
Аср
17:00
Шом
18:58
Хуфтон
20:13
Bismillah
07 Апрел, 2026, 18 Шаввол, 1447

Етим болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Меҳр дафтари" жорий этилди

25.01.2022   1481   2 min.
Етим болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида «Меҳр дафтари»га киритилади ва ундан чиқарилади.

«Меҳр дафтари» тизимига киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш ва маълумотларни киритиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади.

2022 йил 1 февралгача мазкур ахборот тизими амалиётга жорий этилади.

Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари «Меҳр дафтари»ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.

«Меҳр дафтари»га маълумотларнинг бевосита киритилишини қўйидаги вазирлик ва давлат ташкилотлари таъминлайди:

— Халқ таълими вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Республика болалар ўқув-тарбия муассасалари ва Оилавий болалар уйлари;

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Болалар уйлари;

— «SOS» – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси томонидан унинг тизимидаги болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари, ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари ва ижтимоий
етимликнинг олдини олиш хизматлари тарбияланувчилари ва битирувчилари тўғрисидаги;

— туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги.

Дафтарга киритилган болаларнинг муаммо (эҳтиёж, қизиқиш)лари тегишли тартибда ўрганилади.

«Меҳр дафтари»га киритилган болаларни қўллаб-қувватлаш ишлари қуйидагилар томонидан мувофиқлаштирилади:

— туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда;

— Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда;

— Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси ва Миллий гвардия томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда.

Ҳужжатга кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида «Меҳр дафтари»дан чиқарилади.

Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Бандлиги таъминланмаган ҳолатларда «Меҳр дафтари» ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунга қадар, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эрталаб ва кечқурун ўқиладиган дуо

12.11.2025   6580   1 min.
Эрталаб ва кечқурун ўқиладиган дуо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

عَنْ أَبِي بَكْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مُرْنِي بِكَلِمَاتٍ أَقُولُهُنَّ إِذَا أَصْبَحْتُ وَإِذَا أَمْسَيْتُ قَالَ: قُلِ اللَّهُمَّ فَاطِرَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ رَبَّ كُلِّ شَيْءٍ وَمَلِيكَهُ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي وَشَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ قَالَ: قُلْهَا إِذَا أَصْبَحْتَ وَإِذَا أَمْسَيْتَ وَإِذَا أَخَذْتَ مَضْجَعَكَ.

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

«Ё Аллоҳнинг Расули! Менга тонг оттирганимда ва кунни кеч қилганимда айтиб юрадиган сўзларимни амр қилинг», деди.

Шунда у зот:

«Аллоҳумма! фотирас самавати вал арзи, ъалимал ғайби ваш-шаҳадати, Робба кулли шайъин ва малийкаҳу. Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаа анта. Аъузу бика мин шарри нафсии ва мин шарриш-шайтони ва ширкиҳи», деб айт. Уларни тонг оттирганингда ҳам, кунни кеч қилганингда ҳам ва ётар жойингни олганингда ҳам айт», дедилар».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Эй осмонлар ва ерни йўқдан бор қилувчи Зот! Ғайбни ва ҳозирни билувчи Зот! Ҳар бир нарсанинг Робби ва эгаси бўлган Зот! Албатта, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқлигига шаҳодат келтираман. Сендан нафсимнинг шарридан ва шайтоннинг шарри ва ширкидан паноҳ тилайман».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

 

 

Мақолалар