Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида турли мамлакат диншунос олимлари ва амалиётчи мутахассислари иштирокида ўтаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида кўплаб халқаро экспертлар фикр-мулоҳаза билдиришмоқда, хабар бермоқда ЎзА.

Крис Сайпл, АҚШ Глобал ҳамкорлик институти президенти:
— Диний эътиқод эркинлиги мавзусини муҳокама қилиш, мавжуд барча анъаналарга муносабат билдириш мақсадида Тошкентда йиғилдик. Дарвоқе, мен AҚШ ва Ўзбекистон муносабати ҳақида диссертация ёзганман. Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан сўнг амалга оширилаётган ислоҳотлар ақл бовар қилмас даражада тез ва самарали тус олди.
Бутун дунё ана шу тараққиётни, мамлакатнинг БМТ фаолиятидаги етакчилигини, масалан, маърифат ва бағрикенглик резолюцияси қабул қилинганини эътироф этмоқда. Эндиликда биз қонунчилик соҳасида, кишилар вақтида ўз фикрини билдира олишини таъминлаш йўлида ишлаяпмиз. Бу галги халқаро форум давомида алоҳида аҳамиятга эга муҳим халқаро ҳужжат – “Бухоро декларацияси” қабул қилиниши кутиляпти.
Мазкур ҳужжат аввалги Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда декларацияларини тўлдиради, деган умиддаман. Анжуман диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга Ўзбекистоннинг салмоқли ҳиссаси бўлиб қўшилиши аниқ.

Умар Санд Аҳмад, Гана қуролли кучлари бош имоми, мамлакатнинг Мисрдаги собиқ элчиси:
– Ўзбекистонда эканимдан жуда мамнунман. Умуман, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳайратдаман. Аминманки, нуфузли халқаро форумнинг асосий натижаси бўлиши кутилаётган “Бухоро декларацияси” Ўзбекистонда яшаётган турли дин вакиллари эътиқод эркинлигини янада мустаҳкамлайди. Бу заминдан жаҳонга машҳур Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Мотуридий каби буюк зотларни етишиб чиққан. Юртимга қайтгач, ҳаммага “Ислом дини маркази”да бўлганимни айтиб бераман.

Жеймс Чен, АҚШ Глобал жалб қилиш институти вице-президенти:
– Ўзбекистонда 3-марта бўлишим. Илк бор 2018 йил келганман. Ҳар ташрифим давомида мамлакатда эътироф этса арзигулик ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпман. Юртингизда маданиятлараро диний саводхонлик борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, диний қатламга эътибор йилдан-йилга ортмоқда. Мазкур форум турли дин вакиллари эътиқод эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга ёрдам бериши шубҳасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида касб-маҳоратини оширган масжидлар муаззинларига ижозат шаҳодатномаси топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, диний таълим муассасалари устоз-талабалари, малакали муаззинлар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим қироати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзлаб, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар бўлаётгани, Давлат Раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида бугунги юксалишларга эришилаётгани ҳақида айтиб ўтдилар. Хусусан, Диний идора томонидан юртимиз масжидларида янграётган азон оҳанглари янада гўзал бўлиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига урғу бердилар.
Сўзга чиққан Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Муфтий ҳазратлари ташаббуси билан имом-хатиблар қироатини яхшилаш ва муаззинларнинг азон айтишларини чиройли қилиш бўйича хайрли ишлар йўлга қўйилгани, бу борада мўътабар манбалар ва замонавий усуллар асосида ўқув режалари ишлаб чиқилгани, қарийб беш йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида икки мингдан зиёд муаззин учун азон ва иқома бўйича ўқув семинарлар, онлайн ва офлайн машғулотлар олиб борилгани, мазкур амалий машғулотлар давомида баҳолаш мезонларига кўра саралаб олинган 196 нафар муаззин махсус ўқитилгани, бугун уларнинг 70 нафардан зиёдига ижозат шаҳодатномалари берилаётгани ҳақида тўхталди.
Тадбир давомида иштирокчиларга муаззинларнинг малака ошириш дарслари жараёнларидан видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, малакали муаззинларнинг азон садолари тингланди.
Шундан сўнг азон ва иқома айтиш бўйича ижозат шаҳодатномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари ва Шайх Алижон қори томонидан малака оширган бир гуруҳ муаззинларга ижозат шаҳодатномалари ва китоблар тўплами топширилди.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатган Шайх Алижон қори бошчилигидаги устозларга ташаккурномалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати