Print this page

Ўзбекистон янгиликлари

Шарқ алломалари мероси халқаро онлайн анжуманда кенг эътироф этилди

Бугун, 19 май куни пойтахтимиздаги Халқаро ислом академиясида “Шарқ алломаларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида “Zoom” дастури орқали халқаро онлайн илмий-амалий анжуман ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия, Малайзия, Покистон, Қозоғистон, Франция, Туркия каби давлатлардан маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этди.

Масофавий ўтказилган халқаро анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон Исломов олиб борди.

Дастлаб Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг анжуманга оид маърузалари ва иштирокчиларга табриклари ўқиб эшиттирилди.

Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ушбу анжуманда онлайн қатнашиб, Муфтий ҳазратларининг маъруза ва табрикларини иштирокчиларга етказди.

Муфтий ҳазратнинг маърузаларида Шарқ халқлари заминидан етишиб чиққан минглаб олимлар ва мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшгани, ушбу дунёвий ва диний илмларнинг етук намояндалари бугун ҳам инсониятга хизмат қилаётган ноёб кашфиёт ва бебаҳо асарлар таълиф этиб, уларни жаҳон аҳлига мерос қилиб қолдиргани таъкидланиб, жумладан бундай дейилади:

“Давримизгача етиб келган меросдан оқилона ва самарали фойдаланиш – барча илм-аҳлларининг бурчи. Бу борада фидойи олимларнинг роли алоҳида диққат-эътиборга муносиб бўлиб, айнан уларнинг машаққатли меҳнати туфайли биз ўтмишнинг илмий меросини қайтадан кашф этишимиз мумкин.

Айниқса, Ўрта асрларда ўлкамизда кўплаб илм марказлари фаолият кўрсатган. Ушбу марказларда жуда кўп олим ва уламолар ижод қилган. Масалан, бухоролик олимлар сони ҳақида Наршахийнинг шундай гапи бор: “Агар Бухоро олимларининг ҳаммасини зикр қилсак, бир нечта дафтарни ташкил этади”.

Холбуки, Шарқ алломаларининг илмий мероси фақат бир миллат ёки халқники эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулкидир. Бугунги ташкил этилган анжуманимиз аҳамияти ва долзарблиги ҳам шундадир. Шундай экан энг муҳим вазифа, мутафаккирларимиз, азиз-авлиёларимиз қолдирган маънавий меросни асраб-авайлаб, улуғ аждодлар ишининг муносиб давомчилари бўлмоғимиз даркор”.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари маърузалари якунида анжуман фаолияти ва унда қатнашаётган уламо ва соҳа мутахассисларига хайрли тилаклар билдирилди.

Халқаро илмий-амалий онлайн анжуман давомида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) ташкилоти раҳбари Доктор Солим ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) раҳбари Маҳмуд Эрол Қилич, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли, Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шам, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Самидин Атабаев ва бошқалар мавзу доирасида сермазмун маъруза билан қатнашдилар.

Куннинг иккинчи ярмида онлайн илмий-амалий анжуман “Шарқ алломалари меросида ислом илмларининг ўрганилиши”, “Мовароуннаҳрда, ижтимоий, табиий ва аниқ фанлар ривожи”, “Мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани тараққиётига таъсири”, “Мусулмон алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” каби 4 шўъбага бўлинган ҳолда давом этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1037 times