Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг талабалари Мисрда бўлиб туришибди

Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг талаба-қизлардан иборат делегацияси Қоҳира шаҳрида бўлиб туришибди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Академия вакиллари ушбу сафар доирасида мисрлик талабалар, “Ал-Азҳар” мажмуасида таҳсил олаётган ватандошларимиз билан учрашганлари баробарида мамлакатнинг азим тарихи ва қадимий обидалари билан танишдилар.


Қоҳира шаҳридаги “Сафир” меҳмонхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг Мисрда таҳсил олаётган юртдошларимиз билан учрашувлари доирасида талаба-қизлар ўзлари таҳсил олаётган олийгоҳда яратилган имкониятлар, ўқиш жараёни ҳақида сўзлаб бердилар. Унинг доирасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги тақдимот ҳам ўтказилди.


Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси аъзолари Миср Ёшлар ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган “Nasser Fellowship for International Lidership 2022” Ёшлар анжуманида ҳам қатнашдилар. Ушбу тадбир фаоли ва профессор-ўқитувчиларидан бири - доктор Магдий Заъбал раҳбарлигидаги ёшлар гуруҳи билан ўтказилган мулоқот чоғида талаба-қизлар Ўзбекистон ва Миср алоқалари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, буюк алломаларимиз ва юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.


Ўз навбатида ушбу мисрлик профессор юртимиз ҳақида туркум китоблар ёзаётганини маълум қилар экан, Ўзбекистонни “Иккинчи Ватан” деб ҳисоблашини таъкидлади.


Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Миср ўртасида алоқалар барча йўналишларда, айниқса, таълим йўналишида тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Тошкент Давлат шарқшунослик университети, Фарғона политехника институти ҳамда Миср Араб Республикасидаги Қоҳира университети, Ҳелван университети, “ал-Азҳар” мажмуаси, Порт-Саид университети, Миния университети, турли илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Талабалар, илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар алмашуви, илмий ва ижодий сафарлар кўламлари тобора кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1098 times

Янгиликлар

Top