Фарғона вилоятидан Ҳаж амалларини адо этиш учун муқаддас Ҳарами шарифга ташриф буюрган зиёратчилар айни вақтда "Аброж ал-Ҳидоя" меҳмонхонасида истиқомат қилмоқдалар.
Зиёратчиларимиз ҳозиргача умра ибодатини амалга ошириб, кунлик ибодатларини Ҳарами шарифда адо этмоқдалар. Қолаверса, малакали гуруҳ раҳбарлари, имом-хатиблар иштирокида маърифий учрашувлар ташкил этилиб, унда Ҳаж амалларини адо этиш тартиби ҳақида тушунчалар берилмоқда.
Шунингдек, зиёратчилар учун уч маҳал — нонушта, тушлик ва кечки овқатлар ташкил этилган.
— Мен бу муқаддас жойларга келишни интизорлик билан кутдим. Ҳозир ҳаж амаллари бошланишини ҳам интиқлик билан кутяпман. Бу ибодат бандани Роббисига яқинлаштирадиган, сабр ва тоқатдан таълим берадиган, бир сўз билан айтганда инсонни ҳам руҳан, ҳам жисмонан чириқтирадиган амалдир. Бу ерда керак бўлса ҳар қадамимиз, ҳар сўзимиз билан имтиҳон қилинамиз. Илоҳим, ушбу амалларни осонлик адо қилишимизни насиб қилсин. Аллоҳ бизга осон қилсин, — дейди Ҳикматхон Абдуллаева.
Биз ҳам бутун дунё мусулмонлари қатори бу йил Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўраётган барча юртдошларимизнинг ибодатлари қабул, дуолари ижобат бўлишини тилаймиз!
Раҳматуллоҳ Жалилов,
Саудия Арабистони, Макка шаҳридан









Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати