Бугун, 30 июнь куни “Ҳаж – 2022” мавсумининг сўнгги зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Уларни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари
Ҳомиджон домла Ишматбеков, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари ушбу жойда жам бўлишди.
Юртдошларимизни кузатиш жараёнида Ҳомиджон домла Ишматбеков Ҳақ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келиши, ушбу зиёратни юртимиз ва бутун дунё мусулмонларига бардавом қилишини сўраб хайрли дуолар қилди.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимиз шу йил 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилди ва 14-31 июль кунлари юртимизга қайтиб келади.
Аллоҳ таоло Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодат ва дуоларини мукаммал, дуолари мустажоб бўлишини насиб айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2025 йил 23 ноябрь куни Польша Республикаси, Варшава шаҳридаги “Raszyn” масжидида юртдошларимиз билан самимий ва мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ватандошларимиз билан суҳбатлашдилар.
Суҳбат давомида устоз хусусан ҳанафий мазҳабида маҳкам туриш, узоқ юртда яшашларига қарамай миллий анъана ва қадриятларимизни унутмаслик ҳақида таъсирли фикрлар билдирдилар. Шунингдек, оила, қариндошлар ва ватан билан боғлиқликни асраш ҳар бир мусулмон учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, келгусида ҳам ҳар қандай шубҳа ёки диний саволлар пайдо бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлимига Telegram: @fatvo_call_1 / @fatvo_call_2
WhatsApp: +998 91 780 66 33 мурожаат қилиш тавсия этилди.
Суҳбат ниҳоясида устоз Зайниддин домла барча йиғилган юртдошлар учун барака, тинчлик, имон-эътиқод мустаҳкамлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати