Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Глобал тармоқлардаги информацион хуружлар

21.10.2019   4507   6 min.
Глобал тармоқлардаги информацион хуружлар

Бугун тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган шиддатли ва айни пайтда ўта мураккаб замонда яшамоқдамиз. Мутахассислар бу тезкор даврни “оммавий ахборотлашув” ёхуд “глобаллашув асри” деб аташмоқда. Боиси ер юзининг қайсидир бир чеккасида юз берган воқеадан бир неча сония ичида бутун дунё аҳли хабар топмоқда. Бугунги глобаллашув жараёни кимки ахборотга эгалик қилса, ўша дунёга ҳукмронлик қилади, деган фикр бежизга айтилмаганлигини тасдиқлади.
Бугун инсоният ноодатий уруш билан юзма-юз келди.  Урушки, ҳеч қандай ўқсиз, танкларсиз, қуролсиз… аммо қурбонларсиз эмас. Бу урушнинг номи информацион уруш деб номланади. Информацион уруш вирусга ўхшайди. Ўқ ташқаридан ёриб кириб сизга жароҳат етказиши мумкин, аммо вирус ичкаридан емиради.
Бугун дунё саҳнида юз бераётган жараёнларни таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, мазлум ва золим ўртасидаги фарқни адолат эмас, ОАВда, интернет тармоғида ким, қандай йўл билан фойдалана олаётгани билан белгилаб бермоқда.

Бугун давлатлар ўртасидаги чегаралар муҳим аҳамият касб этмай бораётган бир пайтда, Марказий Осиёда, Афғонистондек нотинч давлат жойлашган минтақада ахборот уруши тобора кучайиб бормоқда. Шу билан бирга, халқимиз, жамиятимиз янги йўлга, янги ислоҳотларга қадам қўяётган вақтда, бу ўзгаришларни холис, ижобий тарзда ёритиш билан бирга, халқни руҳини синдириш, тўғри йўлдан адаштиришга уринаётганлар ҳам учраб турибди.
Кўпчилик оддий одамлар, шунингдек, жамиятнинг зиёли қатлами билан учрашганда, уларда баъзан эътиборсизлик кайфиятини сезилади. Дунёда эътиборсизликдан ортиқроқ зарар, лоқайдликдан оғирроқ азоб йўқ. Улар мақсадга эришишда озгина машаққат ва изтироб ўтиш кераклигидан иккиланишмоқда. Бугун бўлаётган информацион хуружларнинг  ҳам асосий мақсади халқни эртанги кунга бўлган ишончини синдиришдир. Бу жараёнда эътиборсизлик аянчли натижаларга олиб келиши мумкин.
Лоқайдлар хусусида бир ҳикоя бор: ўрмонга ўт кетибди. Ҳамма имкон даражасида ўтни ўчиришга тушибди. Шунда дарахт устида бамайлихотир ўтирган қарға сув ташиётган чумолига: «Эй чумоли, сен ташиган бир томчи сув нима бўларди?» деганда, чумоли: «Менинг-ку тарафим маълум, сенинг тарафинг номаълум» деган экан.
Шундай экан, холис ва ҳаққоний ахборотларни тарқатиш, омманинг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланмоқда.

Ўз вақтида Ҳиндистоннинг таниқли сиёсат арбоби Махатма Ганди шундай ёзган: «Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Ва шу баробарида эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб, хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб… ташлашини ҳам хоҳламайман». Бу сўзларни бугунги информацион хуружлар ва турли хил маълумотларнинг турли йўллар билан мамлакатимизга, умуман, бошқа мамлакатларга ҳам кириб келиб, у ёки бу минтақада асрлар мобайнида шаклланган қадриятлар, урф-одатлар, эътиқод шаклларига ва тарбия услубларига салбий ёки ижобий таъсири жараёнлари маъносида қўллаш ҳам мумкин.

Бугун аксарият холларда айрим инсонларнинг блогерлар томонидан амалга оширилаётган ишларга диний тус бериш ҳолатлари юз бермоқда. Инсоннинг табиати шундай яратилганки, у ахборотни қабул қилмасдан, уни тушунишга ҳаракат қилмасдан яшолмайди. Шунинг учун ахборот ёрдамида кимгадир руҳий таъсир қилмоқчи бўлганларга ўша одамнинг психологияси кўмаклашади. Шу каби ҳолатларда, инсон ўзида интернет маданиятини тарбиялаши учун у ёки бу ахборотни эшитар экан, ҳеч бўлмаганда “Бу ахборотни ким узатаяпти?”, “Нима учун узатаяпти?” ва “Қандай мақсадда узатаяпти?” деган саволларни ўз-ўзига бериши, унга асосли жавоб топишга ҳаракат қилиши керак. Шундагина турли ғоялар таъсирига тушиб қолиш, тақдим этилаётган маълумотларга кўр-кўрона эргашишнинг олди олинади. Шаклланган ахборот истеъмоли маданияти миллий манфаатларимиз ва қадриятларимизга зид бўлган хабар, маълумотларга нисбатан ўзига хос қалқон ролини ўтайди, шахс дунёқараши ва хулқидаги собитликни таъминлашга хизмат қилади.
Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Бу борада оят ва ҳадислардан айримларини келтирамиз: «Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» («Тафсири Ҳилол», Ҳужурот сураси, 6-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишига гуноҳ учун эшитган ҳар нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар» (Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган. «Ҳадис ва ҳаёт», Яхшилик ва ахлоқ китоби, 34-жуз).
Бугунги кунда нафақат интернет оламида, балки умуман кундалик ҳаётимизда авж олаётган фисқу фасодлар, гина-кудуратлар, адоватлар, зиддият ва тафриқалар шу икки буюк кўрсатмага, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги васиятларига риоя қилмаганимиздан келиб чиқяпти десак, муболаға бўлмайди.
Ваҳоланки Аллоҳ таоло дуч келган хабарни суриштирмай тарқатишнинг оғир оқибатидан огоҳлантириб турибди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар эшитган гапини айтаверган одам гуноҳкор бўлиб қолишини айтиб турибдилар.
Маълумки, эзгулик дини бўлган Ислом кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ, ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати баъзи тоифаларнинг дин ниқоби остида динга сиёсий сиёсий тус бериб, ҳокимиятга интилиш, диндан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни рўёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.
Фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Бола тарбияни турли компьютер уйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало ота-оналаридан, бобо-момоларидан, эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблардан олсин.

 

Абдурауф ЁРБЕКОВ
Сирдарё вилояти “Абу Ҳанифа”
 жоме масжиди имом-хатиби
 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3181   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ