Дунё янгиликлари

Қозоғистонда Имом Мотуридийнинг ”Тавҳид китоби” нашр этилди

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ва Туркия Республикаси диний бошқармасининг ўзаро ҳамкорлиги натижаси сифатида юза келган ушбу китоб Марказий Осиё тарихида биринчи маротаба таржима қилиниб, нашр этилди.

Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида бўлиб ўтган тақдимот маросимида диний идора раҳбарлари, уламолар, Туркиянинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфуқ Экижи, унинг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Ғолиб Акинлар иштирок этди. 

“Ушбу китоб туркий давлатлар мусулмонлари цивилизацияси ва маънавий билимларининг шаклланиши тарихидаги энг муҳим манбалардан биридир. Китобда мусулмонлар мафкурасининг асосий хусусиятлари акс этган.  Шуни таъкидлаш керакки, “Тавҳид китоби” араб ва турк тилидаги нусхаларидан  биринчи маротаба қозоқ тилига таржима қилинди”, деган бош муфтий Наурузбай ҳожи Таганули.

Туркия элчиси Уфук Экижи имом ал-Мотуридий Марказий Осиёда туғилганлиги ва Ислом таълимотига катта ҳисса қўшганлигини айтиб, ушбу қимматли китоб Қозоғистон диний раҳбарлари учун фойдали бўлишига умид билдирди. 

Имом Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Ал-Мотуридийни улуғлаб «Имом ал-Ҳуда» ва «Имом ал-мутакаллимин» (Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

Маълумот учун: Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридия оқимининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оз. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жомбой туманида жойлашган) бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур ал-Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.

Абу Мансур ал-Мотуридий туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У Самарқандда 944—945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга дафн этилган.

Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафия мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширган. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқатда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдиргандир. «Китоби Тавҳид», «Китоби Мақомот», «Китаб рад авомил лил адила лил каъбий» («Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб»), «Китоб байон ва ҳум ул-муътазила» («Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни»), «Китоб Таъвилот ал-Қуръон» («Қуръон таъвили китоби»).

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади.

Ал-Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган «Китоб Тавҳид» — асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

azon.uz

1784 марта ўқилди

Янгиликлар

Top