Дунё янгиликлари

Брюсселда «Ўзбекистон: зиёрат туризм учун имкониятлар» мавзусида онлайн-анжуман ўтказилди

Ўзбекистон Республикасининг Брюссель шаҳридаги элчихонаси мамлакатимиз Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон: зиёрат туризм учун имкониятлар» мавзусида онлайн-анжуман ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Бенилюкс мамлакатлари, Дания ва Ўзбекистондаги йигирмага яқин туризм компанияси вакиллари, тадбиркор ватандошлар қатнашди.
Анжуман аввалида 2019-2020 йилларда мамлакатимизга бораётган туристлар сонини кўпайтириш учун элчихона томонидан амалга оширилган ишлар ва статистик маълумотлар келтирилди. Хусусан, 2019 йилда ваколатхона томонидан Бенилюкс мамлакатлари ва Данияда элликдан ортиқ тадбир ўтказилган ва халқаро кўргазмаларда мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти намойиш этилган. Натижада, 2018 йилга нисбатан республикага консуллик округига кирувчи мамлакатлардан ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 50 фоизга ошган.
Шунингдек, 2020 йил январь-февраль ойларида ҳам бу кўрсатгич 15 фоизга кўпайган бўлсада, коронавирус пандемия сабабли кейинги ойларда бу кўрсатгичлар 92 фоизга тушиб кетгани қайд этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан иштирокчилар учун Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатлар, айнан зиёрат туризм йўналишидаги ўзгаришлар ҳамда республиканинг турли ҳудудларидаги мавжуд сайёҳлик имкониятлари тўғрисида маълумот берувчи онлайн-тақдимот намойиш этилди.
Шунингдек, хориждаги ватандош тадбиркорлар ҳамда улар иштирокидаги туризм компаниялари кўмагида хорижий давлатларда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини кенг намоён қилиш орқали юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш, бу борада қилиниш керак бўлган масалалар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Анжуман якунида хориждаги ва Ўзбекистондаги туризм компаниялари вакиллари келгусида доимий ҳамкорлик қилиш, Бенилюкс мамлакатлари ва Данияда пандемияга қарши чоралар юмшагач, қўшма тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1187 марта ўқилди

Янгиликлар

Top