Муҳтожлар сонини камайтириш бўйича иш олиб борган Оксфорддаги масжид янги озиқ-овқат банкини очди. Бу ҳақда islam.ruга асосланиб islom.uz манбаси хабар берди. Бу эса ўз навбатида муҳтожларни иссиқ овқат ва энг зарур нарсалар билан таъминлашга ёрдам беради.
Марказий Оксфорд масжидининг хабар беришича, банк 25 февраль пайшанба куни ўз фаолиятини бошлайди.
«Бепул мактаб таомлари ташаббусимиздан буён бошқарув қўмитаси севимли шаҳримизга ёрдам бериш учун мунтазам равишда иш олиб бормоқда», дейилади масжиднинг facebook саҳифасида.
Озиқ-овқат банки эҳтиёжмандларни шампунь, совун, сочиқлар, болалар салфеткалари, тагликлар, ёрмалар, гуруч, сариёғ, консервалар, қуритилган мевалар ва шарбатлар билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида масжид юзлаб мактаб ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш ташаббусини илгари сурган эди.
Бу йил масжид ўз автотураргоҳини яна очди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати