Дунё янгиликлари

Доғистондаги 1 000 йиллик мусулмон маркази хавф остида

Доғистонда энг қадимий мусулмон марказларидан бирини сақлаб қолишга ҳаракат қилишмоқда. Март ойи охиридаги кўчки Рутул тумани Цахур қишлоғидаги 950 йиллик масжидга зарар етказди. У Кавказдаги биринчи университет кўринишидаги мадраса сифатида қурилганлиги билан машҳур.

Қишлоқ посёлкаси раҳбари Вагиф Алиевнинг айтишича, масжид деворлари ёмон ёрилиб, бузилишда давом этмоқда. Маҳаллий маъмурият Доғистон маданий меросини ҳимоя қилиш агентлиги билан биргаликда бинонинг федерал аҳамиятга эга маданий мерос объекти сифатида тан олиниши учун ҳужжатларни тайёрлайди. Шундан сўнг қайта тиклаш учун федерал бюджетдан маблағ талаб қилиш мумкин бўлади. Ҳозирда масжид вилоят аҳамиятига молик маданий мерос объекти мақомига эга. Доғистон маданий меросини ҳимоя қилиш агентлиги бу диний бинони тиклаш учун молиявий ресурсларга эга эмас, деб хабар бермоқда “АиФ Дагестан” нашри.

Цахур Ўрта асрларда Шимолий Кавказда исломнинг тарқалиш марказига айланди. 1075 йилда бу ерда Кавказдаги биринчи университет кўринишидаги мадраса Салжуқийлар давлатининг вазири Низомул мулк томонидан ташкил этилган. У Европанинг энг қадимийси ҳисобланмиш Италиянинг Болоня шаҳридаги машҳур университетдан 13 йил аввал очилган эди.

Mynamaz.ru хабар беришича, таълим муассасаси олим ва ўқитувчиларни тарбиялаб, мусулмон илоҳиётчиларининг китобларини маҳаллий тилларга таржима қилган. Бу ердаги биринчи профессорлар Сурия ва Ироқда таҳсил олган цахурлар бўлиб, ўқишни тамомлаб қайтиб, мусулмон маърифатчи ва илоҳиётчиларга айланганлар.

Бу ерда XIII аср охирида араб тилининг биринчи икки жилдли изоҳли луғати "Ал Ғарибайн" яратилган бўлиб, унинг титул саҳифасида ёзув сақланиб қолган: "Бу китобни 689 ҳижрий (1290) йилда Цахурлик Абдул Хасан Муҳаммад ўғли таржима қилган".

Совет йилларида ушбу бинода умумий ўрта мактаб фаолият кўрсатди. 1990 йилларда қишлоқ аҳлининг илтимосига кўра мадраса деворларида масжид очилган.

Тарихчи олим Азамат Зиёнинг ёзишича, салжуқийлар ўз тобелигида бўлган юртларда фан ва маданият тараққиёти учун барча шарт-шароитни яратиб беришга интилганлар. Салжуқийлар хонадонига мансуб олий ҳукмдор, шаҳзода ё маликами, ҳаммалари мамлакатдаги бирон-бир шаҳарда бир ё бир нечта мадраса қуришни ўз вазифалари, деб билганлар. Вазирлар, амирлар, маҳаллий ҳокимлар ҳам урнак олиб иш тутганлар.

Чунончи, тилга олганимиз машҳур вазир Низомул мулк ўз даврида кўплаб мадрасалар қурдирган. Ҳар бир мадрасада ўнлаб, юзлаб илм толиблари ҳам диний, ҳам дунёвий соҳаларда билим олганлар. Мадрасаларда ҳам табиий-аниқ фанлар ҳам ижтимоий-диний билимлардан таҳсил олинган. Ўқувчиларга ойлик нафақа бериб борилиб, жой билан ҳам таъминланган, уларни ўз даврларининг етук олимлари ўқитганлар, илм толибларининг ихтиёрида кўп минг жилддан иборат кутубхоналар бўлган. Баъзи бир мадрасаларда ўқувчилар сони минглаб бўлганини биламиз. Масалан, Низомул мулк томонидан асос солинган Низомия мадрасаларидан бирида олти минг нафар талаба яшаб, таълим олгани маълум.

Илму маърифатга бўлган анъанавий жиддий эътибор салжуқийлар даврида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади ва буни юқорида таъкидланган ўнлаб мадрасаларнинг барпо қилиниши орқали ҳам билиб олишимиз мумкин. Аҳвол ҳакиқатан ҳам шундай бўлганини ўша замонда яшаган буюк олимлар, шоирлар фаолияти ҳам тасдиқлайди.

Баҳовиддин Абубакр Марвазий, Шарафиддин Тусий, Абулҳасан Али Марвазий, Умар Хайём, Музафар Исфизорий, Заҳириддин Ғазнавий каби ҳандасачилар, юлдузшунослар, риёзиётчилар, Муҳаммад Илоқий, саййид Исмоил Журжоний, Фахриддин Розий каби табиблар, кимёгарлар, Муъизий, Анварий, Собир Термизий, Асириддин Ахсикатий, Рафъий Марвазий каби йирик шоирлар шулар жумласидандир.

Одатдагидек, улар ўз замонларининг барча илмларидан хабардор бўлганлар. Масалан, Умар Хайёмни биз кўпроқ машҳур шоир, аниқроғи, тўртликлар устаси сифатида танйймиз. Ваҳоланки, у етук юлдузшунос ва риёзиётчи ҳам эди. Хайём иштирокида расадхона лойиҳаси чизилиб, сўнг бир йил ичида барпо этилган. Унда олиб борилган кузатишлар ва бошқа изланишлар натижасида 1097 йили Умар Хайём Султон Маликшоҳ топшириғига кўра янги тақвим (календарь) тузади. Унинг аниқлиги Григорий календаридан ҳам юқори бўлишига қарамай амалда жорий қилинмасдан қолиб кетган. Бундан ташқари математика тарихида сонлардан бутун мусбат илдиз топишнинг умумий қоидасини биринчи исботлаб берган ҳам Умар Хайёмдир.

Ё бўлмаса, кутубхоналар аҳволини олайлик. Билим ва маърифат тарқатишда, буюк аждодларимиз тарихий-маданий меросини сақлашда катта аҳамият касб этган бундай муассасалар салжуқийлар даврида бир талай эди. Тарихчи ва сайёҳ Ёқут Ҳамавий (1179—1229) Марвда бўлганида бу ерда ўнта йирик кутубхона борлигини кўрган. Мазкур кутубхоналарда сақланаётган китоблар қиммати ва сони жиҳатидан дунёда бирон-бир кутубхона унга тенг келолмайди, деб ёзганди тарихчи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1270 марта ўқилди

Янгиликлар

Top