Дунё янгиликлари

АҚШда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид барпо этилади

Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги (АҚШ) Бош консулхонаси вакиллари Огайо штатининг Синсиннати шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошлар учун сайёр консуллик қабули ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбир давомида зарур ҳуқуқий-консуллик маслаҳатлари берилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, ватандошларимизга 10 дан ортиқ интерактив ва ахборот консуллик хизмати олиш имконини берувчи consulate.mfa.uz веб-портали консуллик хизматлари тақдим этилди.

Дипломатлар юртдошларимизга республикада сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Мамлакат раҳбарияти томонидан хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ўзбек муҳожирлари салоҳиятини мамлакатимиз тараққиёти жараёнларига кенг жалб этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бош консулхона вакиллари «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ташкилоти раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам музокаралар ўтказди. Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Миллий байрамлар ва республикамизда ўтаётган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар муносабати билан биргаликда тадбирлар ташкил этиш тўғрисида ўзаро келишувга эришилди. Томонлар Америка жамоатчилиги орасида ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси ҳақида кўпроқ маълумот тарқатишга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга қизиқиш билдирди.

Мулоқот давомида Бош консулхона делегацияси Синсиннати штатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги Ўзбекистон жомеъ масжиди қурилишига тайёргарлик ишларининг бориши билан ҳам танишди. «Hamkor Uz Cincinati Association» мулки ўлароқ 8665 State Route 48, Maineville, Ohio 45039 манзилида жойлашган 2,7 гектар майдон кўздан кечирилди.

Айни пайтда «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ташкилоти Огайо штатининг архитектура ва қурилиш компаниялари ўртасида қурилажак бинони лойиҳалаш ва дизайн сметаларини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилган. Мажмуа ҳудудида 600-700 кишига мўлжалланган ибодат учун асосий бино, таҳорат олиш хоналари ва бошқа махсус ёрдамчи иншоотлар ва 100 дан ортиқ автомобиль учун тўхташ жойи барпо этилади. Шунингдек, мажмуада «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ваколатхонаси ҳамда ўзбек тили ва адабиёти, одобнома ва бошқа фанлар бўйича ватандошларимиз фарзандлари ўқийдиган синф хоналари жойлашади.

Лойиҳа Америка Қўшма Штатларида яшовчи ватандошлар томонидан амалга ошириладиган эҳсон маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

«Hamkor Uz Cincinati Association» раҳбариятига ватандошларимизнинг Синсиннати шаҳрида ўзбек масжидини қуриш бўйича ташаббуси Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан олқишланиши ва бу масала юзасидан республика диний идораси диаспора ташкилоти билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлиги маълум қилинди. Масжид қурилиши якунлангач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика имом-хатибларидан бирини ушбу масканда диний хизматларни бажаришга юбориш масаласини кўриб чиқишга тайёрлиги ҳам қайд этилди.

Америка Қўшма Штатларида ватандошларимиз болаларни ўқитиш учун беш жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби, ушбу олис диёрда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган тақдимот материаллари ва миллий рамзлар «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспорасига топширилди.

1251 марта ўқилди

Янгиликлар

Top