Дунё янгиликлари

Президент интервьюсига Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори муносабат билдирди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон" газетасига берган интервьюси Малайзия экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.

Фариза Шом, Малайзия Миллий университети қошидаги Ислом цивилизацияси институти директори, профессор:
– Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатни диққат билан ўқиб чиқдим. Аввало, Малайзия Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий соҳада, шунингдек, виждон ва дин эркинлигини таъминлаш, дин соҳасини эркинлаштириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида қизиқиш билан кузатаётганини таъкидлашни истардим.

Дарҳақиқат, сўнгги беш йилда Ўзбекистон учун жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида мураккаб ўзгаришлар даври белгиланди. Шу нуқтаи назардан ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ўзбек илоҳиётчилари ва мутафаккирларининг илмий-маънавий меросини янада чуқур ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида эътиборга лойиқдир.

Фақат сўнгги йилларда Ўзбекистонда йирик илмий муассасалар ўз фаолиятини бошлади, улар орасида Самарқанддаги Имом Бухорий ва Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентдаги Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам бор.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази ўзбек халқининг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ. Марказнинг янги биноси Марказий Осиёда меҳнат қилиб, жаҳон маданияти ва мусулмон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирларнинг улкан билим ва ижод қатламини тўплаши мени руҳлантиради.

Шу ўринда аминманки, янги Ўзбекистон қурилиши ислом оламининг буюк мутафаккирларининг ноёб маданий меросини чуқурроқ ўрганиш билан давом этади, бу эса, шубҳасиз, мамлакатда Учинчи Ренессанс даврининг қайта тикланишига замин яратади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1201 марта ўқилди

Янгиликлар

Top