Дунё янгиликлари

Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларни тўғрилаш учун очиқ эшиклар тадбири ўтказилди

Ричмонд Ислом маркази барча динларга мансуб инсонларда Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларни йўқотиш ва одамларни бирлаштириш учун очиқ эшиклар кунини ўтказди. Тадбирда 500 нафардан ортиқ киши иштирок этди.

Тадбир давомида меҳмонлар ҳижоб кийиб кўриш, миллий таомлардан татиб кўриш, динга оид қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўлди.

– Бу одамларга ислом ҳақида гапиришнинг ажойиб усули, деб ўйлайман", – дейди 33 ёшли муслима аёл Сара Амоди. У ҳижоб кийиш мақсадини тушунтириш ва хоҳловчилар учун хина расмларини чизиш учун кўнгилли бўлиб чиқди. "Ҳар бир инсон жуда меҳрибон ва эътиборли эди. Улар биз бу ишни қилаётганимиздан жуда миннатдор эди", - деди муслима аёл.

Тадбир Ислом маркази томонидан жамоат тадбирларини мувофиқлаштириш учун мамлакат бўйлаб масжидлар билан ишлайдиган Чикагодаги Gain Peace нотижорат ташкилоти билан биргаликда ташкил этилди. Нодавлат нотижорат ташкилоти директори Сабил Аҳмад меҳмонларга мусулмонларнинг қандай намоз ўқишини кўрсатиб берди.

"Одамлар бир-бирини танимаса, ҳар доим номаълум қўрқув бўлади. Бу нафрат, камситиш ва баъзан зўравонликка сабаб бўлиши мумкин", – дейди Аҳмад.

Islam.ru хабарига кўра, Ислом маркази раҳбарлари бу тадбир алоқаларни мустаҳкамлашга ва Ричмонд жамоатчилиги учун ким эканлигини яхшироқ тушунишга ёрдам беришига умид билдирди.

Масжид яқинида яшовчи Сэм Трикл умрида биринчи марта мусулмонлар масжидига кираётганини айтди. "Мен бизни қанчалик очиқ чеҳра билан қабул қилганликларини қадрлайман", - деди у.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

873 марта ўқилди

Янгиликлар

Top