Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг айтишича, мусулмонлар ўсиб бораётган исломофобия қаршисида ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликни ўрната олсагина мутлақ тинчлик ва тотувликка эришади.
Чикагода Шимолий Америкада ҳар йили бўлиб ўтадиган энг йирик Ислом анжуманларидан бири Америка мусулмон жамияти (MAS) ва Шимолий Америка Ислом доираси (ICNA) анжуманида трансляция қилинган телемурожаатида сўзга чиққан Эрдўған бирлик ва мусулмонларга нисбатан ижобий муносабат муҳимлигини таъкидлади.
"Биз пандемия пайтида кучайган мусулмонларга қарши нафрат, ксенофобия ва маданий ирқчиликка қарши ҳамжиҳатликни кучайтиришимиз керак, мусулмонлар бирлашиши, маданий ва этник фарқларни йўқ қилиш зарур", - деди у.
"Барча мусулмонлар келиб чиқиши, терисининг ранги, миллати, маданияти, мазҳабидан қатъи назар, ака-ука ва опа-сингиллардир", - деди Эрдўған.
"Замонамизнинг ўсиб бораётган қийинчиликлари фонида мусулмонлар бегоналашмаслиги ва ўз кучига ишониб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга интилишлари керак", - деди Туркия раҳбари.
Қўшма Штатлардаги энг йирик ислом анжуманлардан бири сешанба куни Чикагода уч кунлик қизғин учрашувлардан сўнг якунланди. Тадбир "қийинчиликлардан кейинги енгилликлар" шиори остида ўтказилди.
Ислом анжуманларидан бири Америка мусулмон жамияти (MAS) ва Шимолий Америка Ислом доираси (ICNA) томонидан уюштирилган 20- ҳар йиллик съезд 26 декабрдан 28 декабргача бўлиб ўтди. Жорий йилда тадбир ташкилотчилари томонидан барча иштирокчилар учун мажбурий эмлаш сиёсати жорий этилди.
Съезд давомида барча кўнгиллилар ва барча иштирокчилар тўлиқ эмлашдан ўтишлари ёки COVID-19 га салбий тест натижаларини тақдим этишлари керак эди. Интенсив семинарлар, давра суҳбатлари, бадиий кўргазмалар, фильмлар, истеъдодлар шоуси ва бозор
Съезд дастурининг бир қисмига айланди.
Islam.ru хабарига кўра, 90 дан ортиқ таниқли америкалик мусулмонлар, жумладан, турли динларнинг кўплаб вакиллари томошабинларга мурожаат қилишди. Машҳур олимларнинг маърузаларини тинглаш учун 20 мингга яқин мусулмон йиғилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази