Сари Аззам - аутизмдан азият чекаётган, аммо ҳайратга солувчи истеъдод эгаси бўлган беш ёшли суриялик қизалоқ бир неча тилларни ўрганди ва бутун Қуръонни ёдлаб олди.
У икки ёшида аутизм касаллигига чалинган, аммо Суриядаги мутахассислар уни даҳо деб ҳисоблашади. Қиз ҳар куни инглиз, француз, корейс, япон, юнон ва испан тилларини ўрганади. Унга бутун Қуръонни ёдлаш учун икки йил вақт керак бўлди. Сари мураккаб математик тенгламаларни ҳам ечиши мумкин.
Аутизм ва Даун синдроми бўйича мутахассис Мажд Ал-Алусийнинг айтишича, аутизм тил ўрганиш каби мураккаб вазифаларни бажара олиши учун Сарига ўзгача қобилиятни ато этган. Бироқ шифокорнинг сўзларига кўра, қизалоқнинг мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш керак.
Islam.ru порталининг хабарига кўра, Алусий "аниқ кўриш хотираси"ни Сарининг кўплаб истеъдодларидан бири деб атади. Бошқа кўплаб суриялик оилалар сингари бу оила ҳам узоқ йиллар уруш ва мажбурий кўчишдан азоб чекди ва истеъдодли қизнинг билимга бўлган чанқоғини қондириш учун қалам ва планшетдан бошқа ҳеч нарса билан таъминлай олмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД