Дунё янгиликлари

Дубайда илк Метаолам йиғилиши ўтказилади

Метаоламга бағишланган илк йирик тадбир 2022 йил сентябрь ойида Дубайда ўтказилади. Унда рақамли оламнинг янги майдонларнинг имкониятини муҳокама қилишга 300 дан ортиқ соҳа мутахассиси жамланиши кутилмоқда. Бу ҳақда валиаҳд шаҳзода ва Дубай ижроия кенгаши раиси Шайх Ҳамдан бин Mуҳaммад ал-Мактум маълум қилди, дея хабар беради The National.

Тадбир 28-29 сентябрь кунлари “Келажак музейи” ва “Emirates Towers” мажмуаси майдонида ўтказилиши режа қилинган. Унда сиёсатчи ва мутахассислардан ташқари 40 дан ортиқ ихтисослашган ташкилотлар қатнашади ҳамда 100 дан ортиқ маҳорат дарси ўтказилади.

Шайх Ҳамдан Метаоламни БАА ва бутун дунёдаги одамлар ҳаёт сифатини яхшилаш учун фойдаланиладиган истиқболли рақамли дунё ва технология деб атади. Валиаҳд Шаҳзода Дубай келажак технологияларини жорий этиш бўйича жаҳонда етакчи бўлишга интилаётганини таъкидлади.

Ушбу тадбирда метаоламни реал дунёга, жумладан, туризм, логистика, чакана савдо, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига янада кириб боришга қаратилган ҳисобот, стратегия ва ҳаракатлар режалари тақдим этилади.

Шайх Ҳамдан бин Mуҳаммад ал-Мактум таъкидлашича, Дубай метаолам янги дастурини амалга ошириш доирасида яқин беш йил ичида Дубайда 40 мингта виртуал иш ўрни яратилади.

Дубай ҳудудида метаолам технологияларини ривожлантириш билан шуғулланадиган компаниялар сони беш йил ичида беш баравар кўпайтирилади – бирдан беш минггача. Шайх Ҳамдан метаоламни кейинги йигирма йил ичида одамлар ҳаётининг барча жабҳаларини ўзгартирадиган янги инқилоб деб атади.

Маълумот учун, метаолам — виртуал ҳақиқат, ижтимоий тармоқлар ва бошқа рақамли технологияларни бирлаштирган Интернетнинг келажакдаги версиясининг номи.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

968 марта ўқилди

Янгиликлар

Top