www.muslimuz

www.muslimuz

...Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят) деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

“Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман”, деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин!

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафао соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида Робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси (баъзи манбаларда 8, 9 ёки 10-кунлари), душанба куни (милодий 571 йил, апрель ойида) дунёга келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

Робиъул аввал ойи қандай ой? Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлид ойи” деб ҳам номланади.

Мавлид нима дегани? Мавлид луғатда “туғилиш” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Рабиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлиди Набий” дейилади.

Мавлид ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.

Бу ойни қандай ўтказиш керак? Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.

Салавот нима дегани? “Салавот” сўзи араб тилидаги “салот” сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади.

Салавот қандай айтилади? Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Салавот айтишнинг қандай фазилатлари бор?

Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

 

Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.

 

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил этади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин қилади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Аллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Салавот айтувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитадилар. Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Салавот айтинг! Ҳар дуонинг аввали ва охирида.

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.

Салавот айтинг! Таҳорат олгандан сўнг.

Салавот айтинг! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.

Салавот айтинг! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.

Салавот айтинг! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда

Салавот айтинг! Ҳар намоздан сўнг.

Салавот айтинг! Уйқудан турганда ва уйқуга ётишдан олдин.

Салавот айтинг! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.

Салавот айтинг! Тонг отганда ва қуёш ботганда.

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганингизда... Демак, ҳар кун, ҳар сония, ҳар нафасда салавот айтинг!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад.

Даврон НУРМУҲАММАД

Воскресенье, 25 Сентябрь 2022 00:00

Умра мобил иловаси ишга тушди

“Умра қўлланмаси”да Умра сафари давомида лозим бўладиган зарур барча маълумотлар тафсилотларигача қисқа, содда ва лўнда баён этилган.

“Умра қўлланмаси”, “Умра дуолари”, “Сафарга тайёргарлик” ва “Ислом тарихига оид жойлар” номли бўлимлари мавжуд.

Шунингдек, “Умра дуолари” бобида муборак сафарда муҳим бўлган дуолар овозли шаклда батафсил баён этилган.

“Умра қўлланмаси” бўлимида Умра ибодатига оид барча масалалар келтирилган: “умра” сўзининг маъносидан то унинг амаллари-ю суннатларигача. Шу билан бирга, зиёрат қилиш одоблари, муборак шаҳар ва масжидларнинг фазилатлари, муборак сафар тартиб-қоидалари каби бир қатор рукнларда зарур маълумотлар тақдим этилган.

МОБИЛ ИЛОВАНИ ЮКЛАШ: https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.devteam.hajjumrahguide

МОБИЛ ИЛОВАНИ ЮКЛАШ: https://apps.apple.com/uz/app/umra-qollanmasi/id1613020749

@hajumrauz 

Шу йил 24-25 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси Вақф вазирлигининг Ислом олий кенгаши томонидан “Ижтиҳод – замон талаби” мавзусидаги 33-халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда. Унда бутун дунё уламолари билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев ҳам қатнашмоқда.

Нуфузли анжуманда ислом оламидаги давлатлардаги илмий тадқиқот марказлари, диний идоралар вакиллари ва таниқли уламолар мавзу бўйича чиқишлар қилишмоқда, бу борадаги муаммоли масалаларга ҳамкорликда ечим топиш учун ўзаро муҳокама этишмоқда.

Халқаро анжуманнинг илк кунида сўзга чиққан забардаст уламолар мавзу доирасида нутқ қилиб, жумладан, замонавий масалаларни ечиш учун ижтиҳод масаласи жуда муҳимлиги, уларни ечишда ҳар бир юртнинг ўзига хослиги ва вазияти инобатга олиниши, ҳозирги кунда ижтиҳод қилишда олимларнинг ўзаро иттифоқ бўлиб масалага ечим топишлари лозимлиги, шу боис янги ва замонавий масалаларда фақиҳларнинг биргалашиб “жамоавий ижтиҳод” сифатида иш олиб боришлари замон талаби эканини оят ва ҳадис ва буюк уламолар фикрлари ила баён этишди.

Анжуман якунида бутун дунё уламолари ижтиҳод ва бошқа муҳим масалаларда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб, тегишли қарорлар қабул қилишади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Умра – 2022” мавсуми доирасида зиёратчиларимиз ҳар куни Тошкент халқаро аэропортидан "Тошкент – Жидда" йўналишида муборак зиёратга жўнаб кетишмоқда.

Жидда халқаро аэропортида зиёратчиларимиз Ўзбекистон ишчи гуруҳи ходимлари ва тажрибали имом-хатиблар томонидан муносиб кутиб олинмоқда. У ерда бир муддат ҳордиқ олгач, замонавий автобусларда Мадина шаҳрига йўл олишмоқда.

Айни пайтда ўзбекистонлик умра зиёратчилари уч кун мобайнида Мадина шаҳрида бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам равзаларини зиёрат қилиш билан бирга, ислом тарихида ўз ўрнига эга бўлган қадамжоларни бориб кўришмоқда. Жумладан “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари, Уҳуд тоғи каби табаррук жойлар зиёратчиларимиз хотираларида узоқ вақт муҳрланиб қолиши, шубҳасиз.

Аллоҳ таоло умра зиёратини бошлаган ҳамюртларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин, муборак зиёратни барча мўмин-мусулмонларга насиб этсин!

Умра сафари тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.

#УМРА
ЎМИ Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

✅ Бугун, 24 сентябрь кечки соат 20:00 да (Тошкент вақти билан), АҚШнинг Шарқий қирғоғи вақти (ЭСТ) билан эса соат 11:00 да Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири, Тошкент ислом институти катта устози МУҲАММАД АЙЮБ ДОМЛА ҲОМИДОВ иштирокида хориж ва юртимиздаги ватандошлар учун бўлиб ўтадиган махсус суҳбат тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

? Мазкур жонли диний савол-жавоб дастури АҚШ, Канада ва бошқа хориж мамлакатларида истиқомат қилаётган ватандошлар таклифига биноан ташкил этилди.

▶️ Махсус дастурда қатнашиш истагидаги юртимиз ва хориждаги ҳамюртлар қуйидаги ҳавола орқали Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Facebookдаги (https://www.facebook.com/muslimuzportal) ва Ёки Youtubeдаги расмий саҳифалари (https://www.youtube.com/c/Muslimuzz) орқали кузатиши мумкин.

? Таклиф, мулоҳаза ва саволлар билан @kavsariy телеграм манзилига мурожаат қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

#онлайн

Страница 1 из 583

Янгиликлар

Top