Шу йил 15–16 ноябрь кунлари Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифлари давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, хизмат сафарида бўлиб турган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 18 ноябрь куни Мўйноқ туманига ташриф буюрдилар.
Мўйноқ мамлакатимизнинг энг шимолий ҳудуди бўлиб, бу ерда 30 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Инсонларнинг аксарияти ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда меҳнат қилади. Кейинги йилларда ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва янги иш ўринлари очиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида одамларнинг турмуш даражаси яхшиланмоқда.
Муфтий ҳазратлари Мўйноқ туманидаги “Орол”, “Жайҳун”, “Толли-ўзак”, “Мўйноқ”, “Дўстлик” маҳаллалари ва “Учсой”, “Мадели”, “Тик-узяк”, “Бозатаў” овуллари аҳолиси билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар. Мулоқотда муфтий ҳазратлари туман аҳолисининг сабр-қаноати, меҳнаткашлигини эътироф этиб, бугунги кунда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ислом динининг асл моҳиятини сақлаган ҳолда ҳудудларда маърака-маросимларни динимизда кўрсатилган шаклда ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Шундан сўнг муфтий ҳазратлари тумандаги ёш оила хонадонига ташриф буюриб, уларнинг бахту саодатини тилаб дуо қилдилар.
Ташриф давомида тумандаги “Ҳаким ота” қабристонига борилди, Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, савоби марҳумларнинг руҳига бағишланди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Мўйноқ туманининг энг олис ҳудудида жойлашган “Кемалар қабристони”да ҳам бўлиб, жонлиқ қурбонлик қилиниб, Орол денгизига сув қайтиши ва Парвардигордан серобчилик бўлишини сўраб, мўйсафид отахонлар билан истисқо намози адо этилди.
Маълумки, сув танқис бўлган пайтларда Аллоҳ таборака ва таолодан сув-ёмғир сўраб, ўқиладиган икки ракатли намозни Истисқо дейилади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўп бор сувсизлик вақтида қиблага юзланиб дуо қилганлари, кейин эса имом бўлиб икки ракат намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Истисқо намозини адо этиш учун шаҳардан ташқарига, саҳро жойларга чиқиш ҳам Набий алайҳиссалом тутган йўлдир. Бунда кекса кишиларнинг иштирок этиши эса янада фазилатли бўлади.
Ҳақ таоло мана шундай қилинган илтижоларни даргоҳи илоҳийсида қабул айласин, қорақалпоқ диёрида оби-ҳаёт неъматини мўл-кўл қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази