Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Март, 2026   |   4 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:20
Пешин
12:34
Аср
16:50
Шом
18:43
Хуфтон
19:56
Bismillah
24 Март, 2026, 4 Шаввол, 1447

Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида

20.04.2020   3268   2 min.
Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Халқимиз асрлар давомида эзгулик, саховат, сабр-қаноат, меҳр-шафқат ойи сифатида нишонлаб келган муборак Рамазон ойи бу йил бутун дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келмоқда. Ана шундай қийин шароитда ҳам муқаддас динимиз буюрган ибодат амалларини уйда, оила даврасида адо этиб келаётган юртимиз мўмин-мусулмонлари ушбу фазилатли ойни Яратганнинг чексиз раҳмати ва мағфиратининг белгиси сифатида, эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик билан кутиб олмоқда.

Муборак Рамазон ойининг жамиятимиздаги маънавий-руҳий барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳозирги мураккаб синов ва машаққатларни халқимиз, бутун жаҳон аҳли билан ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликда енгиб ўтишдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:

1. 2020 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 24 апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда Рамазон ойининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида, оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган барча чора-тадбирларни амалга оширсин.

Айниқса, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мавжуд эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, диний-маърифий руҳдаги онлайн суҳбат ва маърузалар ташкил этиш, бу йилги Рамазон ойини уй шароитида ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 20 апрель  

 

ЎзА

 
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

01.04.2025   6683   1 min.
Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар