Халқимизнинг илму маърифатини ошириш йўлида Рамазон ойининг фазилатларини кенг тараннум этиш, раҳмат ва мағфират ойи эканини етказиш ҳамда карантин шароитида мухлисларимизни уйда ижод қилишга рағбатлантириш мақсадида, Muslim.uz сайтида “Ойлар султони – Рамазон!” номли мақолалар танлови эълон қилинди.
❗️Танлов 2020 йил 29 апрелдан 23 майгача давом этади.
Танловга юбориладиган мақолалар ramazon_tanlov2020@mail.ru электрон почтаси ёки телеграм мессенжерида очилган @Ramazon_2020_bot орқали жўнатилади.
❗️ Юборилаётган мақолаларга қуйидаги шартлар қўйилади:
? рўзанинг фойдалари, унинг руҳий тарбияга оид жиҳатлари, ҳаётий ҳикматлари ва меҳр-оқибат ҳамда саховатли бўлишга рағбат уйғотиш;
? муборак ойни ҳозирги эпидемия шароитида уйда ўтказиш, илм-маърифатни бойитиш билан шуғулланиш ҳамда ёрдамга муҳтож инсонларга хайру эҳсон қилишнинг фазилатларини кенг тарғиб этиш;
? ҳадислар ва ривоятлар саҳиҳлигига эътибор қаратиш, уйдирма маълумотлардан сақланаш;
? интернет нашрларида кўп эълон қилинган мақолаларга ўхшаш бўлмаслиги, янгича ёндашувга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратиш;
? услубий ва имло хатоларсиз ҳамда юқори савияда таҳрир қилинган бўлиши;
? интернет ёки бошқа нашрларда эълон қилинган мақолалардан кўчирилган материаллар танловда иштирок этмайди;
? Юқоридаги шартларга жавоб берган мақолалар Muslim.uz порталида "Танловга!" деган ёзув остида эълон қилинади.
Танлов ғолибларига қуйидаги мукофотлар топширилади:
3-ўринга – Смартфон.
2-ўринга – Планшет.
1-ўринга – Ноутбук.
Шунингдек, 7 нафар юқори балл олган иштирокчиларга рағбатлантирувчи мукофот – китоблар жамланмаси тақдим этилади.
? Барча қалами ўткир ижодкорларни карантин даврида танловда фаол иштирок этиб, уйдаги вақтларини мазмунли ўтказиш ва мукофотларга сазовор бўлишга чорлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати