Ўзбекистон янгиликлари

Термизий алломалар зиёрати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифини икки буюк аллома Ҳаким Термизий ва Абу Исо Муҳаммад Термизий мажмуаларини зиёрат қилишдан бошлади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам ўз ташрифини одатда мазкур муқаддас қадамжони зиёрат қилишдан бошлар эди.

Юртбошимиз дастлаб Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ерда олиб борилаётган қайта таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари, зиёратчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. 

Шундан сўнг, Президентимиз Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишларини   кўздан кечирди, мажмуа ёнида қурилаётган 350 кишига мўлжалланган жоме масжид биноси бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

 Қисқа муддат ичида мажмуа ёнидаги қабристон ободонлаштирилди, 4,5 километр йўлга асфальт ётқизилди, сув, электр энергияси ва газ тармоқлари тортилди. Давлатимиз раҳбари мажмуани янада обод масканга айлантириш, қулай шароитлар яратиш зиёратчилар оқимини кўпайтириш имконини беришини таъкидлади. Бинобарин, буюк аждодимиз Ҳаким Термизий ҳадис тўплашдан ташқари ҳуқуқшунослик, табиатшунослик, табобат, илми нужум, тилшунослик, ахлоқ ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳам самарали ижод қилган. Мусулмон оламида буюк муҳаддислардан бири сифатида машҳур бўлган улуғ алломанинг бебаҳо мероси бугунги кунда ҳам кенг ўрганилмоқда.

Давлатимиз раҳбари келгусида Абу Исо Муҳаммад Термизий мажмуасида Ислом оламининг машҳур олиму уламоларини таклиф этиш, хорижлик мутахассис, ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро илмий конференциялар ташкил этиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, ёш авлодни тарбиялаш ва иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида фаолияти йўлга қўйилган Сурхондарё вилоятидаги “Президент Халқ қабулхонаси”га ташриф буюриб, “Халқ қабулхоналарини ташкил этишдан мақсад – жамиятимиздаги адолат пойдеворини янада мустаҳкамлашдир. Ҳоким ва мутасадди раҳбарлар бу ерда халқ билан мулоқот қилиши, ҳар бир мурожаат ечимини топиши керак. Аҳолини қийнаётган масалаларни таҳлил қилиш орқали қонун ҳужжатларини такомиллаштириб борамиз”, деди Президентимиз.

Муассаса фаолияти Юртбошимизнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган сўзлари асосида йўлга қўйилган.

Сурхондарё аҳолиси давлатимиз раҳбари халқ ичига кириб, одамларнинг фикрини ўрганаётганидан юртдошларимиз жуда мамнун бўлаётганини таъкидлади. Одамлар оғирини енгил қилиш, турмушини янада фаровон этиш борасидаги улкан, тизимли ишлари учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. 

 

Эргаш Рустамов,

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби

7277 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top