Ўзбекистон янгиликлари

Бухородаги Етти пир зиёратгоҳларида инфокиосклар ўрнатилди

Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти – АЙСЕСКО томонидан 2020 йил Бухоро “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан вилоятда, хусусан Етти пир зиёратгоҳларида кенг кўламда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекситон Республикаси Президенти Администрациясининг жорий йил 7 сентябрдаги “Бухоро вилоятидаги Етти пир зиёратгоҳлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ, вилоят ҳокимлиги томонидан барча Етти пир силсиласига кирувчи зиёратгоҳларда инфокиосклар ўрнатилди.

Инфокиосклар орқали эндиликда сайёҳлар мазкур зиёратгоҳлардаги меъморий мажмуаларни томоша қилиш, пирларнинг ҳаёти ва ижоди, уларнинг асарлари билан бевосита танишиш имкониятига ҳам эга бўлди. Шу билан биргаликда ҳар бир зиёратгоҳда мазкур инфокиоскдаги ахборотлар жамланган QR кодлар ҳам ўрнатилган бўлиб, бу орқали зиёратчилар ушбу маълумотларни қўл телефонларига юклаб олиши мумкин.

–Мазкур чора-тадбирлар режасига мувофиқ, олимлар ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тадқиқотчилари томонидан Етти пир алломалари маънавий меросига бағишланган 20 номдан ортиқ адабиётлар нашрга тайёрланди, – дейди вилоят ҳокимлиги аппарати жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти мудири Акбар Рустамов. – Шу билан бирга барча зиёратгоҳлар ҳудудида кутубхоналар ҳам ташкил этилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА

1573 марта ўқилди

Янгиликлар

Top