Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари янги иншоотлар фаолиятига оқ фотиҳа бердилар

Қашқадарё вилоятига сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва қашқадарёлик имом-хатиблар Қарши шаҳридаги технопарк фаолияти ҳамда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасини ҳам кўздан кечирди.

Маълумки, ҳудудларда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки филиаллари ташкил этилиб, соҳа мутахассисларига яхши шароитлар яратилмоқда. Қарши шаҳрида барпо этилган IT-технопаркда ҳам веб-дизайнерлар, дастурчилар ва робототехниклар ўз фаолиятини бошлаган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курслари ташкил этилгани натижасида ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларга кенг имконият яратилди. Илк натижалар ҳам қўлга киритилмоқда.

Ташрифнинг иккинчи объекти – Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси бўлди. Қарши шаҳридаги бундай клиникада иқтисодий-молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, информацион хизматлар кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар бириктирилиб, инфокиосклар ўрнатилган. Бу ерда хусусийлаштиришга қўйилган объектлар, уларнинг манзили, ҳолати, соҳадаги тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Ҳамма хизматлар бепул.

Клиника биносида Қашқадарёдаги йирик корхоналар ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доимий кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Мажлислар зали, музокара хоналари, экспортчилар уюшмаси ва ўқув марказлари жойлаштирилган.

Муфтий ҳазратлари ҳар икки иншоотнинг фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб, оқ фотиҳа бердилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

913 марта ўқилди

Янгиликлар

Top