Жорий йил 3 февраль куни Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов Покистон Нақшбандия тариқати етакчиси Пир Нақиб ур-Раҳмоннинг вакили Маҳмуд Чаудри Ҳамидни қабул қилди.
Дастлаб, М.Комилов Президентимиз ташаббуслари билан турли соҳалар қатори туризм, хусусан, зиёрат туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида, Маҳмуд Чаудри Ҳамид самимий қабул ва мулоқот учун миннатдорлик билдириб, Нақшбандия тариқати вакиллари учун Бухорои шариф Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидан кейин турувчи муборак жой эканини қайд этди. Шунингдек, ўз мамлакатида Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилувчи кишилар кўплиги, икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиши кўплаб покистонликларнинг Ўзбекистонга зиёрат қилишига имкон беришини таъкидлади.
Музокара чоғида жорий йилнинг 5-11 февраль кунлари Покистондан гуруҳ таркибида келувчи дастлабки зиёратчиларнинг ташриф дастури, Покистон Нақшбандия тариқати ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасидаги зиёрат туризм бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан