Ўзбекистон янгиликлари

Тожикистон ва Афғонистон уламоларининг Бухородаги муборак қадамжоларга зиёрати (+фотолавҳа)

Самарқандда ўтказилган Имом Бухорий меросини ўрганишга бағишланган халқаро анжуман иштирок этган Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири ва Тожикистон Ислом маркази раиси бошчилигидаги делегация аъзолари “Афросиёб” тезюрар поездида Бухорога етиб келишди.

Меҳмонларни Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Э.Мажидов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Ж.Элов ва бошқа мутасаддилар кутиб олишди.

Ташриф давомида меҳмонлар Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, муборак қадамжоларида, жумладан, “Саййид Амир Кулол”, “Ҳазрати Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд”, буюк фиқҳшунос олим, Имом Бухорийнинг замондоши бўлган “Абу Ҳафс Кабир” зёратгоҳларида бўлдилар. Ушбу қадамжолардаги меъморий ансанбиллар, алломаларнинг ёзган асарлари билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган тарихий обида “Исмоил Сомоний” меъморий ансамбилини кўздан кечиришди. Кейин Мовароуннаҳрда қурилган илк масжид Масжиди Калон тарихий меъморий мажмуаси бўлишди.

Саёҳат давомида қардош халқлар уламолари Бухорои азимдаги алломалар бешиги бўлган “Мир Араб” ўрта махсус Ислом билим юрти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мир Араб мадрасаси Минораи Калон ва Масжиди Калон билан гўзал бир меъморий мажмуани ташкил этади. Ушбу билим даргоҳи шаҳардаги мадрасалардан икки улкан мовий гумбази билан ажралиб туради.

Шунинг билан Тожикистон ва Афғонистон уламоларининг Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган, буюк маданий маънавий тарихга эга, осмон остидаги мадрасалар юрти бўлмиш Бухоро шахрига ташрифи якунига етди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилоят вакиллиги
матбуот хизмати

1534 марта ўқилди

Янгиликлар

Top