Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳомийлар жалб этилган ҳолда, Нурота туманидаги “Чуя” жоме масжидининг янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди.
Бундан икки йил олдин “Чуя” масжидининг биноси эски ҳолатга келиб қолган, масжид жамоати уни обод қилиш истагида эди. Ўша йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоятга ташрифлари давомида ушбу масжидда бўлиб вазиятни тезда англаб мутасаддиларга тегишли кўрсатма берган, унинг қурилишига хайрли дуолар қилган эдилар.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги жамоат дуоси, диний идора кўмаги, саховатпеша инсонлар ҳиммати ва маҳалла аҳлининг ҳашари сабабли ушбу масжид қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар Халилов, вилоят ҳокими ўринбосари Ғофур Мусулмонов, вилоят бош имом-хатиби Тоҳир Рўзиев, Нурота тумани ҳокими Умарбек Ҳалиловлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Искандар домла Ҳалилов иштирокчиларга муфтий ҳазратларининг салом ва табрикларини етказиб, йиғилганларни масжиднинг янги биноси билан мубарокбод этди. Шунингдек, маросимда сўз олган мутасаддилар намозхонларни янги масжид билан табриклаб, унинг қурилишига ҳисса қўшган инсонларга миннатдорлик билдирди.
Эсалатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан юртимизнинг олис ҳудудларида масжидлар бунёд этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Аллоҳ таоло масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимизга ажру мукофотини кўпайтириб берсин, бу каби хайрли ишлар бардавом қилиб, юртимиз ва бутун дунёдан бало ва офатларни аритсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.