Россия Федерациясининг Чеченистон Республикасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Шу билан бирга, тадбир доирасида икки томон туроператорлари ўртасида B2B учрашувлар ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов топшириғи билан ўтказилаётган бу тадбирлар чеченистонликларда катта қизиқиш уйғотди.
Грозний шаҳрида ўтган Ўзбекистоннинг зиёрат туризм тақдимот маросимини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Ўткир Саидов очиб берди ҳамда йиғилганларга сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳаси ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва ислоҳотлар ҳақида сўзлади ва барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга чорлади.
Шундан сўнг Чеченистон Республикаси Ҳукумат раиси ўринбосари Джанбулат Умаров икки мамлакат раҳбарлари олиб бораётган оқилона сиёсат ва мамлакатлараро дўстона алоқаларни эътироф этди.
“Улкан фахр билан сизларга Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Аҳмадович Кадировнинг саломини ва илиқ тилакларини етказишдан мамнунман. Биз сизлар билан буюк Ислом цивилизацияси издошлари ҳисобланамиз. Жаҳон тарихига назар ташласак, айнан ўзбек халқи ўзининг олиму алломалари, меъморлари, мутафаккирлари ва шоирлари, табиблари билан буюк ислом цивилизациясига асос солганлардан бири бўлган. Сизни қардош халққа дўстлик ва ҳамкорлик мақсадида йўллаган Президентингизга катта раҳмат”, - деди у.
Бундан ташқари, тадбирда Чеченистон Республикаси Туризм вазири Муслим Байтазиев ҳам сўзга чиқди:
“Ўзбек халқи билан узоқ тарих бизни боғлаши бизни жуда қувонтиради. Яқин йиллардагина туризмни ривожлантира бошлаган республика сифатида Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш биз учун жуда муҳим”.
Шунингдек, вазир Ўзбекистон ва Чеченистон туроператорлари B2B форматида учрашувлар доирасида янги туристик йўналишлар ва турмаҳсулотлар ишлаб чиқиш, ўзаро манфаатлик ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга келишиб олишганини қўшимча қилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитами томонидан ўтказилган зиёрат туризм тақдимоти ҳамда таниқли ҳаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан намойиш этилган маҳорат дарси йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, Грозний марказида чеченистонликлар учун ўзбек халқининг гастрономик бойлиги ҳисобланган палов тайёрланиб, ўзбекона дастурхон ёзилди. Тадбир йиғилганларда катта таассурот қолдирди ва улар бу каби тарғибот тадбирларини тизимли равишда ўтказиш истагини билдиришди.
Қайд этиш лозимки, Чеченистон Республикасига ташриф буюрган делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси вакиллари ўрин олди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Чеченистондаги зиёрат туризм тарғибот тадбирларини ўтказишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистоннинг РФдаги элчихонаси ҳамда Ростов-Дондаги Бош консуллигига миннатдорчилик билдиради.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.
Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.
Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.
Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.
Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади”, дедилар”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.
Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.
Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.
Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.
Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД