Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ойига тайёргарлик кўриш бўйича видеоконференция ташкил этилди

Жорий йил 6 апрель куни “Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш муносабати билан амалга ошириладиган тадбирлар юзасидан” ZOOM дастури платформасида онлайн мулоқат бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар, туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирок этди.

Видеомулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофир Ахмедов муборак Рамазон ойини тартибли, санитария қоидалари ва карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказиш ҳамда имом-хатиблар масъулиятини янада ошириш, муборак ойда ўтказиладиган тадбирларни ихчам, ортиқча дабдаба ва исрофгаргиликсиз ўтказиш борасидаги муҳим кўрсатма ва тавсияларни айтиб ўтди.

       Шунингдек, А.Ахмедов томонидан вилоят бош имом-хатиблари ва масъулларга муборак ой давомида халқимизга хос бўлган саховат ва мурувват ишларини янада жадаллаштириш, имом-хатиблар томонидан ислом динининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш, ёшларни турли ёт ғоя ва қарашлардан ҳимоялаш, халқимизни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чақириш борасидаги чиқишларини мунтазам ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги уқтирилди.

Ўз навбатида, Республикада фаолият юритаётган барча масжидларда кенг қамровли ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, электр жиҳозлари, овоз кучайтиргичларни узлуксиз соз ҳолатда ишлашини таъминлаш алоҳида таъкидланди.

Видеомулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков масжид-мадрасаларда Рамазон ойига катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани, хатми-Қуръон тадбирларини файзли ўтказиш ва мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш, айниқса, санитария-эпидемиология қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Йиғилиш якунида Рамазон ойини тартибли ўтказиш юзасидан берилган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида бажариш бўйича вилоят бош имом-хатибларининг фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда Рамазон ойини белгиланган тартибда ўтказишга келишиб олинди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

308 марта ўқилди

Янгиликлар

Top