Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонга Саудиядан янги авиақатнов қўйилди

Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёддан Ўзбекистон пойтахти Тошкентга янги авиарейс йўлга қўйилди. Бу ҳақда кun.uz сайти хабар берди. 5 август куни илк рейс кутиб олинди.

Маълум бўлишича, Ар Риёд – Тошкент – Ар Риёд йўналишидаги бу рейсни йўлга қўйиш бўйича музокаралар узоқ давом этган. Мунтазам қатновлар бўйича Саудиянинг «Flynas» авиакомпанияси билан келишувга эришилган.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Саудиядан келган рейс тантанали кутиб олинди. Маълумот учун, «Flynas» Саудия Арабистонидаги йирик лоукостер ҳисобланади. Бу қўшимча рейс йўналишга бўлган юқори талабни қондириши ҳамда зиёрат туризми салоҳиятини оширишга хизмат қилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда транспорт логистикасини ривожлантириш, ташқи ва ички қатновларни кенгайтириш ҳамда транспорт хизматлари сифатини ошириш орқали мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонини янада ошириш мақсадида жорий йил бошида Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Саудия Арабистони Қироллигининг «Flynas» авиакомпанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилиб, «Ар-Риёд–Тошкент–Ар-Риёд» авиарейсларини йўлга қўйиш бўйича келишувлар амалга оширилган, деб хабар берди uza.uz.

A320NEO самолёти Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўнди. Ҳаммаси бўлиб, бортда 18 йўловчи бўлган, улар орасида RUH ва Flynas Management вакиллари бор. «Flynas» компаниясининг биринчи рейсини Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги ходимлари ва ОАВ вакиллари кутиб олишди.

«Flynas» парвозлари мунтазамлигини ҳисобга олиб, сайёҳлар оқимини кўпайтирилади, Ўзбекистоннинг йирик туристик компания ва агентликлари вакилларини Саудия Арабистонига юборилади.

Бундан ташқари, у ерда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилади.

Мазкур рейс, икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизга Саудия Арабистони Қироллигидан ташриф буюрувчи туристларнинг сонини ошишига ўз ҳиссасини қўшади.

Маълумот учун: «Flynas» (илгари «Nas Air») 2007 йилда ташкил топган. Flynas World Travel Awards томонидан кетма-кет беш йил ва Skytrax томонидан кетма-кет уч йил давомида Яқин Шарқнинг арзон нархлардаги етакчи авиакомпанияси деб топилган. Ушбу компания энг йирик бюджет авиакомпаниялардан бири ҳисобланади. 17 та маҳаллий ва 53 та халқаро йўналишлар бўйича мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда 27 та самолётлар паркига эга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1191 марта ўқилди

Янгиликлар

Top