Ўзбекистон янгиликлари

Рамзан Қодиров вакиллари таъзия билдириш учун юртимизга келди

Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов раҳимаҳуллоҳ вафотлари муносабати билан турли мамлакатлардан ҳамдардлик изҳор этиш учун таниқли уламолар, давлат ва дин арбоблари юртимизга ташриф буюришмоқда.
Бугун, 18 август куни Чеченистон Республикаси муфтийси ўринбосари Усман Висарханов ҳазратлари ва Шали шаҳридаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам номидаги энг йирик жоме масжид имом-хатиби Абдулло Ҳашханов Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган марҳум ва мағфур муфтий ҳазратларининг хонадонларига ҳамдардлик билдириш учун ташриф қилдилар ва марҳум муфтий ҳазратларининг ҳақларига дуолар қилдилар.
Мартабали меҳмонлар сўзга чиқиб, Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров жаноблари, шу юртдаги олим-уламолар, чечен халқи номидан ҳамдардлик йўллаганини изҳор этдилар.
Суҳбат жараёнида меҳмонлар Абдуллоҳ Ҳашханов марҳум, шайх Усмонхон Темирхон ўғли роҳимаҳуллоҳнинг ўтказган ҳаёти, миллатга бўлган муҳаббати, динга қилган хизматлари тўғрисида гапириб, жумладан шундай деди:
– Шайх Усмонхон Темирхон ўғли роҳимаҳуллоҳ етмиш бир ёшда бўлишларига қарамай бор куч-қувватларини аямай Ислом динини тарғиб этишга сарфладилар. Бу юртда жуда буюк уламолар ўтишган, шайх ҳазратлари уларнинг илмларига жило бердилар. Бу номларнинг йўқолиб кетмаслигига интилганлар. Раҳматли муфтий Чеченистонга, Қодировлар оиласига алоҳида эътибор билан қараганлар. Негаки, Чеченистон Биринчи Президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров билан Бухородаги Мир Араб мадрасасида бир курсда ўқишган, Аҳмад ҳожи Қодировнинг ўғли Рамзан Аҳмадовичга, муфтийимиз Салоҳ ҳожи Межиевга ҳурматлари баланд эди. Чеченистон Республикаси раҳбари муфтий ҳазратларига камарбаста бўлинглар, деб кўп тайинлар эдилар. Негаки бу ўткинчи дунёда бир-биримизни қадрлашимиз керак. Хайрли ишларгина бу дунёда қолишини таъкидлар эди. Биз яна бир бор ўз таъзиямизни изҳор этамиз, муфтий ҳазратни йўқотиш бизлар, ислом умматига жуда катта йўқотиш бўлди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан марҳумни раҳматига олишни ва ислом умматига у кишиниг ўрнини тўлдирадиган муносиб меросхўр беришини дуо қилиб сўраймиз.
Қайд этиш лозимки, бизнинг муфтийимиз Салоҳ ҳожи Межиев, Чеченистон юртининг барча мусулмонлари Чеченистон Биринчи Президенти Аҳмад ҳожи Қодировнинг курсдоши шайх Усмонхон Алимов ҳазратларнинг вафотлари ҳақидаги хабарни қайғу билан кутиб олди. Ҳақиқатда, бу катта йўқотиш. Мен Тошкент ислом институти битирувчиси сифатида муфтий ҳазратлари, уларнинг оила аъзоларини яхши билиш бахтига муяссар бўлдим. Бу буюк уламолар ўтган юрт мен учун иккинчи Ватан ҳисобланади. Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолони жуда ҳам севадиган юксак аҳлоқли инсон бўлганлар, улар шунчаки бу юксак мартабали лавозимда ишлабгина қолмай, ўзларига Аллоҳ берган имкондан Ислом маърифатини тарқатишга ҳаракат қилдилар. Илм қидириб чиққан инсон, Аллоҳ йўлини излаб чиққан инсон ҳисобланади. Шайх ҳазратлари бу имтиҳондан ўта олдилар ва Аллоҳга қайтдилар. Биз барчамиз бундан қайғудамиз. Сизларнинг халқингиз, юртингиз бутун дунёга Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Қаффол Шоший, Хожа Аҳрор Валий каби буюк уламоларни етиштириб берди. Бу авлоднинг охирги вакилларидан бири шубҳасиз шайх Усмонхон Алимов ҳазратлари бўлган эдилар. Аллоҳ раҳматига олсин, жойлари жаннатда бўлсин.
Суҳбат якунида меҳмонлар муфтий Усмонхон Алимов раҳимаҳуллоҳнинг гўзал фазилатлари, ибратли сифатлари ва дин йўлидаги хизматларини юқори баҳолаб, марҳумнинг оила аъзолари, сафдошлари ҳамда яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор қилдилар.
Ҳамдардлик билдириш учун қўшни ва хорижий мамлакатлардан меҳмонлар ташриф буюриши давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1231 марта ўқилди

Янгиликлар

Top