Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” мавзусидаги тадбир бўлиб ўтди. Унда Қўмита мутасадди ходимлари, Миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари аъзолари, диний конфессиялар вакиллари, турли идора ва ташкилотлар раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов иштирок этди.

Нуфузли тадбирда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, Ватанимиз тинчлиги, дўстлик ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшган республикамизнинг турли вазирлик ва идоралари раҳбар-ходимлари ва миллий маданий марказлардан 23 нафар киши юксак давлат мукофоти – “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони  билан тақдирланди.  

Хусусан, ушбу юксак кўкрак нишони Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовга ҳам тантанали равишда тақдим этилди.

Кўтарингки руҳда ўтган тадбир давомида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбанов юксак мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, хайрли тилакларни билдирди.

Диний идорамиз раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовга давлат мукофотини топширар экан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмита раиси Рустамбек Қурбанов: “Мазкур юксак кўкрак нишони Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги Диний идора жамоасининг диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришда улкан ҳисса қўшиб, жуда катта ҳизмат кўрсатиб келаётганларини ҳамда Қўмита билан мустаҳкам ҳамкорлик, фаол ва дўстона алоқалар маҳсули” эканини мамнуният билан таъкидлаб ўтди.

Аллоҳ таоло мукофот эгаларига ушбу кўкрак нишонни муборак қилсин, эзгулик йўлидаги ҳамкорлар билан муносабатларимизни янада мустаҳкам ва бардавом қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1538 марта ўқилди

Янгиликлар

Top