Ўзбекистон янгиликлари

Салоҳиддин домла Шарипов: "Мўмин банда – инсонларнинг мушкулини енгил қилади"

Бугун, 14 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланади. Етук уламолардан ташкил топган делегация ташриф буюриб, олис туманлардаги масжид, маҳаллаларга ташриф буюриб, масжид қавми, мўйсафид отахонлар, муҳтарам аҳоли вакиллари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқдалар.

Ана шундай файзли учрашувларнинг бири Хужайли тумани "Пирим Эшон бобо" масжидида бўлиб ўтди. Ушбу жомега Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, “Ҳазрати Али” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов ташриф буюрдилар. Пешин намозини намозхонлар билан биргаликда адо этиб бўлгач, муҳтарам Салоҳиддин домла "Исломда биродарлик, ака-укалик ришталари" мавзусида маъруза килдилар.

Аллоҳ таолонинг Каломи – Қуръони каримдаги "Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар" оятининг мазмун-моҳиятини тафсир қилиб бердилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам", деган ҳадисларини шарҳлаб бердилар.

Шу тариқа маърифий суҳбатлар савол-жавобларга уланиб, намозхонларда катта таассурот қолдирди.

Аллоҳ таоло муҳтарам уламоларимизнинг сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

732 марта ўқилди

Янгиликлар

Top