Ўзбекистон янгиликлари

Вакилларимизнинг Санкт-Петербург шаҳрига сафари давом этмоқда

Аввал хабар берилганидек, амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари 7 май куни “Ленинград ёшлар уйи”да шу шаҳарда вақтинча яшаб, ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда Ўзбекистон делегациясидан ташқари Санкт-Петербург ва Ғарбий-шимолий минтақа мусулмонлари идораси раиси, муфтий Р.Панчеев, Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбек диаспораси раҳбари А.Хайдаров ва бошқа мутасадди идора масъуллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида муфтий Р.Панчеев Ўзбекистон делегацияси аъзоларини ва раҳбари И.Иномовни таништириб, унга сўз берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов йиғилганларга бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлган диний-экстремизм, терроризм, унинг оқибатлари, бу йўлга кирмаслик учун нималарга эътибор бериш лозимлиги ва бугунги кундаги бошқа ижтимоий муаммолар ҳақида маъруза қилди. И.Иномов маъруза давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашри бўлган “Смута ИГИЛ” китоби ҳақида атрофлича маълумот берди.

“Ленинград ёшлар уйи”га йиғилган 600 дан ортиқ фуқароларимиз, Санкт-Петербург ва Ғарбий-шимолий минтақа мусулмонлари идораси раҳбарияти И.Иномовнинг маърузаси ва унда берилган маълумотлар учун миннатдорчилик билдирдилар.

Шунингдек, ташрифнинг навбатдаги куни 8 май санасида, Ўзбекистон делегацияси Р.Панчеев, бир қатор фронт орти фахрийлари билан Пискарев мемориал қабристонига бориб, у ерда Иккинчи Жаҳон Уруши вақтида вафот этган жангчилар қабрини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Ўзбекистон делегациясининг Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташрифи давом этмоқда. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

muslim.uz

 

 

5689 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top