Ўзбекистон янгиликлари

"Уммул қуро" жоме масжиди нуронийлари Наманган вилоятидаги "Увайс Қароний" зиёратгоҳига ташриф буюрдилар

Кекса ва ёши улуғларнинг мартабалари, аввало, Аллоҳ таолонинг ҳузурида, қолаверса, жамият олдида олийдир. Зеро, ёши улуғ зотлар дейилганида кўз ўнгимизга, аввало, сизу бизнинг дунёга келишимизга сабаб бўлган мушфиқ ота-оналаримиз келади. Чунки, уларнинг сочлари бизнинг ғамимизда оқарган, нурли юзларига биз сабаб ажин тушган, нурафшон кўзларининг нури бизнинг йўлимизда сарф бўлган Зотлардир.

Муборак ҳадиси шарифда келтирилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан нақл қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Яхшилик (бошқа ривоятида барака) катталарингиз билан биргадир” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Шунинг учун ҳам кексаси бор хонадон баракали, нурли бўлади.

Ана шундай қадриятларни янада тараннум этиш мақсадида айни кунларда юртимиз бўйлаб "Кексалар ҳафталиги" ўтказилмоқда. Фарғона вилояти вакиллиги ташаббуси билан Фарғона шаҳридаги "Уммул қуро" жоме масжиди нуроний ва фахрийларидан иборат бир гуруҳ кексалар иштирокида Наманган вилояти "Увайс Қароний" зиёратгоҳига зиёрат ташкил этилди.

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёши катталарни ҳурматлаш ва улуғлашга кўп бора чорлаганлар. Доно халқимиз ҳам бежизга катталарга ҳурматда, ёшларга иззатда бўлишга чақирмаган. Сиз ва бизнинг дуогўйларимиз бўлмиш кекса ва ёши улуғларни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва динимиз одобларидан, — дейди "Уммул қуро" жоме масжиди имом-хатиби Холмуроджон Мамажонов. — "Кексалар ҳафталиги" муносабати билан бир гуруҳ кексаларимиз иштирокида ушбу сафарни ташкил қилдик. Қолаверса, ҳам саёҳат, ҳам зиёрат деганларидек, уларни дуоларини олиш, сафар давомида панду насиҳатларини тинглаш ҳам мақсад қилинган эди, бир маънода ниятимизга ҳам эришдик.

Сафар давомида "Увайс Қароний" зиёратгоҳи ва мажмуаси зиёрат қилиниб, тарихидан бохабар бўлинди. Шу ерни ўзида тушлик ташкил қилинди. Шунингдек, сафар давомида Наманган шаҳрида янги қуриб битказилган "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жомеъ масжидига ҳам ташриф буюрилди.

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Фарғона вилояти вакиллиги ходими

681 марта ўқилди

Янгиликлар

Top