Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4802-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 14-бандининг ижроси юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти мутахассисларидан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мақсадли лойиҳаларга қўйилган талаблар асосида Давлат лойиҳаси тайёрланган эди.
Жорий йилнинг 9 октябрь санасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия” (Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича уч йиллик амалий лойиҳанинг молиялаштирилиши тасдиқланди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур лойиҳа 2021-2024 йилларда амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурларига киритиладиган амалий лойиҳалар ичидан Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъат аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан аниқланди.
Аллома Саъдуддин Тафтазоний ва унинг “Шарҳу ақоиди Насафия” асари ҳақида қисқача маълумот.
Саъдуддин Тафтазоний
Саъдуддин Тафтазоний номи билан машҳур бўлган бу зотнинг тўлиқ исми шарифи Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ бўлиб, Хуросон ўлкасининг Тафтазон шаҳрида туғилган. Аллома Тафтазонийнинг қайси йилда туғилгани ҳақида икки хил қараш бор: 1. Ҳижрий 712/милодий 1312 йилда туғилган. Бу қарашни Жалолиддин Суютий нақл қилган; 2. Ҳижрий 722/милодий 1322 йилда туғилган. Бу қарашни Тошкўпирзода нақл қилган.
Саъдуддин Тафтазоний кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, улар орасида Аздуддин Ийжий, Зиёуддин Қазвиний, Қутбиддин Розий Таҳтоний ва Насиймуддин Абу Абдуллоҳ Найсабурий каби уламолар энг машҳурлари ҳисобланади.
Саъдуддин Тафтазоний тафсир, фиқҳ, наҳв, сарф, усулид-дин, мантиқ каби илмларда етук олим бўлган. У Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келган ҳамда бу ерда дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган. Бу зот ўн олти ёшлик ўспиринлик чоғидаёқ дастлабки асарини ёзган.
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия”
(Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асари ҳақида
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” асари машҳур олим Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафия” асарига ёзилган шарҳдир. “Ақоидун Насафия” асари мотуридия мазҳабидаги энг мўътабар ва энг машҳур матнлардан ҳисобланади. Бу матннинг бошқа матнлардан ажралиб турадиган хусусияти бошқа матнлар дастлаб Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Унинг сифатлари ҳақидаги баҳслар билан бошланган бўлса, бу матн дастлаб бандаларнинг маълумот олиш воситалари, оламнинг йўқдан бор қилингани ҳақидаги ақлий далиллар ва бу ақлий далиллар Яратувчи бор эканини тақозо қилиши ҳақидаги баҳслар билан бошланган.
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” номли ушбу шарҳи ёзилган вақтдан буён Ислом билим юртларида ақоид фанидан асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Ибораларининг қийинлиги билан ҳам “машҳур” бўлган бу шарҳнинг ўзига ҳам йигирмадан ортиқ шарҳлар ва ҳошиялар битилган.
Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби ўз давридаги ақийда илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Ақоидга оид китобларда ҳар бир китобнинг ёзилаётган даврида ҳукм сураётган эътиқодий масалалар ва тортишувлар акс этиши одат тусига кирган нарса.
Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобининг аввалида ақийда илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради:
“Аввалда ўтган саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳум ақийдалари мусаффо бўлгани ва Набий алайҳиссаломнинг суҳбатларининг баракаси, у зотнинг замонларига яқинлик, ҳодиса ва ихтилофларнинг озлиги ҳамда ишончли зотлардан сўраш имконлари бўлгани туфайли ақийда ва фиқҳ илмларини тадвийн қилишга, фаслу бобларга солишга ҳамда фуруъ ва усулларнинг мақсадларини айтишга ҳожатлари тушмаган. Аммо мусулмонлар орасида фитналар, дин имомларига қарши тажовузлар, фикрларда ихтилоф ва бидъатларга мойиллик зоҳир бўлиб, фатволар кўпайди, уламоларга мурожаат кўпайганидан кейин, улар назар солишга, далил топишга, ижтиҳод қилишга, ҳукм ахтаришга, қоидалар ва асослар ишлаб чиқишга, боб ва фаслларни тартибга солишга ўтишга мажбур бўлдилар”.
Ҳозирги кунда аллома Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳу алақоди Насафия” асарининг калом илмидаги амияти ҳали етарли даражада ўрганилмаган. Айниқса, бу асарнинг таркибий тузилиши, унда кўтарилган ақидавий масалаларнинг тарихий жараёнлар билан узвий боғлиқлиги таҳлил қилинмаган. Асарнинг Ўзбекистонда ва хорижда сақланаётган қўлёзма нусхалари комплекс тарзда ўрганилиб тўлалигича тавсиф қилинмаган. Саъдуддин Тафтазонийнинг мазкур асари қарийб беш аср мобайнида Мовароуннаҳр ва унга қўшни ҳудудлар мадрасаларида асосий дарслик сифатида ўқитилган. Бироқ, унинг таълим дастуридаги аҳамияти ва ўрни тўлалигача ўрганилмаган.
Аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу алақоди Насафия” асарини тадқиқ қилиш ва ундаги ақидавий масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш каломга оид масалаларга аниқлик киритади. Шунингдек, халқимизга Ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказишда бу асар аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу билан бирга ҳозирги кунда мавжуд турли хилдаги диний-сиёсий гуруҳлар ва бузғунчи мафкураларга қарши курашда, мазкур асардан ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳам айтиш зарур.
Умуман олганда мазкур асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб авлодлар бўлиш ҳамда турли бузғунчи, адашган оқимларга қарши раддиялар бериш кўникмаси шаклланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бош мутахассиси Ў.Собиров
Шайх Надим Жиср 1956 йили Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб бўлгач, олам-олам таассуротлар билан юртига қайтиб кетади. Зотан, у ишончлилик жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги ўринда турувчи асар – “ал-Жоме ас-Саҳиҳ”нинг муаллифи, мўминларнинг ҳадис илмидаги амири деган шарафли мақом эгаси бўлмиш Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилишдек бахтга мушарраф бўлган эди. Унинг бу тарихий зиёрати ҳақида ёзган адиб Хуршид Даврон мақоласини қуйидаги сатрлар билан якунлайди: “Ватанига қайтган Шайх Надим ¬Жиср яна узоқ йиллар муфтий бўлиб хизмат қилади, талай китоблар тасниф этади. У Имом Бухорий марқадига қилган сафари ҳақида бирон нима ёзганми-йўқми, афсуски, бехабармиз”.
Улуғ муҳаддисга бағишланган асар
Адибнинг мазкур сатрлари бизни Шайх Надим Жисрнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишишга ундади. Изланишлар натижасида аён бўлдики, у Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб қайтганидан сўнг “Имон қиссаси: фалсафа, илм ва Қуръон ўртасида” номли асарни ёзган. Бу асарнинг биринчи нашри 1961 йилда, иккинчиси 1962 йилда ва учинчиси 1969 йилда дунё юзини кўрган. Унда Шайх Надим Жиср Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши асносида унинг вужудини чулғаб олган руҳий кечинмалар ижодий образлар – Шайх Мавзун Самарқандий ва шогирди Ҳайрон ибн Азъаф Панжобий ўртасидаги фалсафий мулоқот тарзида баён қилинган. Уламолар фикрича, бу асар араб ислом оламини маҳв этишга қаратилган даҳрийлик тўлқинига қарши курашишнинг илмий-фалсафий лойиҳаси сифатида ёзилган.
Мазкур асардаги Имом Бухорий қабрининг зиёрати билан боғлиқ саҳифаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Болалик хотиралар
Болалик йилларим шаҳримиздаги Тайнол масжидида ўтган. У шаҳарнинг чеккасидаги хушбўй ва мафтункор боғларимиздан бирининг ичида жойлашган. Менинг болалик хотираларим билан боғлиқ қадрли онлар айнан ўша ерда ўтган.
У ер менга ҳайит кунларининг салқин тонгларини эслатиб туради. Ўша кезларда отам қуёш чиқишидан олдин мени эргаштириб, масжид ёнида жойлашган қабристондаги марҳумларимизни зиёрат қилишга олиб чиқар, кейин масжидда ийд намозини ўқир эди. Ўшанда мен масжид ҳовлисидаги қудуқ ва ҳовуз ўртасида жойлашган дарахт тагида ўйнар эдим. Отам бир гуруҳ қариялар қуршовида ўз хонасида ўтирар, улар унинг сўзларига қулоқ солиб турар эди. Ана у қўшалоқ зинапояли минора ҳам менга бир нималарни эслатиб туради... биз масжид ҳовлиси тарафдан кириб унга кўтарилар ва бир зумда ўзимизни ҳарамнинг ичида кўрар эдик.
Бу масжид менга аллақачон вафот этиб кетган ва қалбимнинг тубини эзиб турадиган давомли хафаликни қолдирган ана шу кишиларнинг барчасини эслатиб туради. Шу боис қачон Тайнол масжидига қайтсам, бу хотиралар темир ва оловли панжалари билан менинг эзилган қалбимни яна тирнай бошлайди.
Кунлар, кунлар ортидан йиллар ўтди. Биз маҳалламиздан узоқлашдик, масжиддан олисларга кетдик. Бориб-бориб, шаҳарни бутунлай тарк этдик. Узоқ йиллик мусофирликдан сўнг яна унга қайтдик. Тайнол масжидига бўлган соғинчим мени у томонга етаклаб келди. Бир куни чошгоҳ вақти намозхонлар йўқлигида масжидга келдим. Болалигимда ўйнаб ўтказган жойларни айланиб чиқдим. Ўтмиш хотираларимнинг барчасини кўз олдимдан ўтказдим ва... узоқ йиғладим.
Хартанглик мусофир
Жимлик қаърига ғарқ бўлиб, масжиднинг виқорли минораларидан таралаётган йиғига ўхшаш овознигина эшитиб турар эканман, баногоҳ масжиднинг шарқий қисмида жойлашган хона ичидан бир овоз келди. Кейин хонанинг эшигидан соч-соқоли оппоқ, кўриниши салобатли, сипо кийинган бир қария чиқиб, менинг олдимга келди. Салом бергач, ёнимга ўтирди ва “Биродар, нега йиғлаяпсиз?” деди. Мен: “Отамнинг даврида мана шу масжид ичида ўтган болалик йилларимни эслаб”, дедим. У: “Отангиз ким?” деди. Мен отамнинг исмини тилга олар-олмас унинг бадани титраб кетди. Кўз ёшларга тўла нигоҳлари билан менга тикилиб қаради ва: “Отангиз Шайх Жисрми?” деб сўради. Мен: “Ҳа. Ҳазрат, ўзингиз кимсиз?” дедим. У бундай деди: “Мен аслида узоқдан – Мисрдан келганман. Ярми Шом диёрига, ярми Ҳижозга тарқалиб кетган “Оли Моий” қабиласиданман. Тақдир бобомни Ҳижоздан Ҳиндистонга етаклаб келган ва у шу ерда яшаб қолган. Исмим Ҳайрон ибн Азъаф Панжобий”. Мен: “Ҳиндистондан бу ерга нима учун келдингиз?” дедим. У: “Мен Ҳиндистондан келмадим, Самарқанддан, тўғрироғи Самарқанддаги Хартанг қишлоғидан келдим”, деди. Мен: “Шунча олис ердан бизнинг диёримизга нима учун келдингиз ва бу масжидда истиқомат қилиб турганингизга сабаб нима?” дедим. У: “Отангизни зиёрат қилиш учун юртингизга бир кириб ўтай дедим”, деди. Мен унга ҳайрат билан тикилиб қолдим. Чунки отам анча йиллар олдин вафот этиб кетган эди. У бундай деди: “Ҳайрон бўлманг. Мен Ҳижозга кетаётиб, унинг қабрини, шайхим менга таърифлаб бериб ва отангиз унда дарс берганини айтиб суюкли қилиб қўйган мана шу масжидни ҳам зиёрат қилиш учун келдим. Намозхонлар менга отангиз ўзининг хос хонаси қилиб олган мана шу хонани кўрсатишди. Бу масжид ҳаётимнинг энг тотли ва қадрли онлари ўтган “Хартанг” масжидига жуда ўхшаб кетар экан. Шу боис шайхимни Аллоҳ йўлига бошлаб қўйган киши яшаган мана шу жойда ҳаж мавсуми бошлангунча бир неча кун қолиб, Аллоҳга ибодат қилишни ихтиёр қилдим”.
Мен: “Хожам, шайхингиз ким?” дедим. У: “Самарқанд уламоларидан Шайх Абу Нур Мавзун раҳимаҳуллоҳ”, деди. Мен: “Кунларингизни ибодат билан ўтказяпсизми?” дедим. У: “Ҳозир ҳа, аммо олдин залолатда юрган вақтим ва қандай қилиб имон келтирганим ҳақидаги қиссани ёзаётган эдим. Уни менга шайхим Мавзун айтиб турган. Отангиз раҳимаҳуллоҳни шу орқали таниганман”, деди. “Залолатда юрган ва имонга келган кунларингиз ҳақидаги ҳикоя нималардан иборат?” дедим. “Бунинг тарихи узун, Худо осон қилса, уни одамлар ўқиши учун нашр қилдираман”, деди.
У шундай деди-ю, қабрлари бор хонага кириб кетди. Бироздан сўнг катта бир дафтарни олиб чиқиб, олдимга қўйди: “Бу – шайх Мавзун айтиб ёздирган гаплар, мен унга бирон бир қўшимча қўшмаган ҳолда чиройли қилиб кўчириб чиқдим”. “Бу катта китоб экан. Уни ўқиш учун уйимга олиб бориб, икки кундан кейин сизга қайтариб берсам майлими?” дедим. У: “Туркчани биласизми?” деди. Мен: “Ҳа, уни жуда яхши биламан”, дедим. У: “Бу китобим мендан сизга ҳадя. Унда отангизнинг китобидан қисқартириб олишни режалаштирган мавзу, шунингдек, залолатда юрган ва имонга кирган кунларим билан боғлиқ тафсилотлар барчаси баён қилинган. Уни олиб араб тилига таржима қилинг, чоп эттириб одамларга тарқатинг. Бунинг учун сиздан ҳақ сўрамайман. Аммо улуғ Аллоҳдан сўраганим шуки, бу ишимни Ўзининг розилиги учун холис қабул этса ва одамлар учун фойдали қилса. Вафот этиб, амалларим тўхтаганидан сўнг менга ҳам фойдаси тегадиган бир амал бўлса...”.
Имом Бухорий зиёрати
Бояги одам бир неча кундан сўнг Ҳижозга сафар қилди. Мен эса китобни таржима қилишга киришдим ва бу бир неча йил давом этди. Кейин замона зайли билан Тошкентга сафар қиладиган бўлиб қолдим. Энг буюк мақсадим – Имом Бухорий розияллоҳу анҳунинг қабрини зиёрат қилиш, ундан сўнг Ҳайрон ибн Азъаф билан учрашиб, таржима қилинган китобни унинг ўзига кўрсатиш эди. Бу ишда менга мамлакатнинг энг катта муфтийси, отамнинг дўстларидан бири бўлмиш солиҳ, обид, зоҳид ва авлиё зот Бобохон раҳимаҳуллоҳнинг ўғли олийжаноб ва мурувватли зот Шайх Зиёуддин яқиндан ёрдам берди. У Хартангга бориш ҳақидаги ниятимни билгач, Самарқандга, у ердан Хартанггача менга ҳамроҳлик қилди.
Ўша ерда масжид ходимидан суриштириб билдимки, Ҳайрон ибн Азъаф ҳаж ибодатини адо қилиш учун Маккага жўнаб кетган ва ўша ерларда қазо қилган. Биз Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилдик. Марқади устида бир муддат тик туриб қолдик. Ён-атрофга боқиб, масжиднинг Ҳайрон раҳимаҳуллоҳ менга таърифлаб берганидек Тайнол масжидига ўхшаб кетадиган жиҳатлари борлигига гувоҳ бўлдим: Боғ-роғлар ичида бир ўзи қад ростлаб турибди. Имом Бухорийнинг қабри кичкина боғ ичида, сояли дарахт тагида ўз ҳолича ажралиб турибди... атрофи ўралмаган, ҳеч қандай безак берилмаган ва сувалмаган.
Мен Ҳайрон ва устози дарс ўқиган кичкина хонага кирдим. Кўрдимки, унинг ўзи менга таърифлаб берганидек, у Имом Бухорийнинг қабрига қараб солинган эди.
Шайх Надим орзу қилган мажмуа
Таниқли адибимиз Шайх Надим Жисрнинг Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши ҳақидаги мақоласини “У Имом Бухорий марқадига қилган сафари ҳақида бирон нима ёзганми-йўқми, афсуски, бехабармиз”, деб тугатганидек, бизда ҳам, афсуски, жавобсиз бир савол пайдо бўлди: Шайх Надим Жиср ҳозир ҳаёт бўлиб, Имом Бухорийнинг муборак қабрини зиёрат қилиш учун келганида, бугунги ҳолатни кўриб нима деган бўлар эди? Президентимиз Ш.Мирзиёев тарафидан илгари сурилган ташаббус – Имом Бухорий мангу қўним топган маскан унинг ислом оламидаги мавқеига муносиб бўлиши зарур, деган мақсад ортидан қад кўтарган маҳобатли мажмуани кўриб, қандай ҳолатга тушар эди? Ўзи таърифлаганидек, 1956 йилларда “кичкина боғ ичида, сояли дарахт тагида ўз ҳолича ажралиб турибди... атрофи ўралмаган, ҳеч қандай безак берилмаган ва сувалмаган”, хуллас, ташландиқ ҳолга келиб қолган қабр ва у билан туташ масканда бунёд этилган улкан зиёратгоҳни, балки каттаю кичик зиёратчилар учун илм-маърифат, тарбия ва маънавият масканига айлантирилганини кўриб, уни эътироф этган бўлмасмиди?
Алоуддин НЕЪМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.