Юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиш, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аҳамиятга молик жиҳати, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқуқий асос ҳамда зарур шароитлар яратилган.
Айниқса, ҳар йили мамлакатимизда 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни кенг миқёсда нишонланиб, турли диний конфессия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида турли семинар, илмий анжуманлар ўтказилиши яхши анъанага айланган.
ЎзА хабарига кўра, шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Миллатлараро ва динлараро муносабатларда Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон Исломов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Беҳзод Қодиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари Митрополит Викентий Морарь, Рим-католик маркази раҳбари, епископ Ежи Мацулевич, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари, миллий маданий марказ раҳбарлари, дўстлик жамиятлари аъзолари иштирок этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.
Семинарда Ўзбекистон кўп конфессияли мамлакат эканлиги, унда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та конфессия аъзолари тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда Ватанимиз равнақи, тинчлигимизни таъминлашда хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Иштирокчиларнинг “Динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик”, “Бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик – давлат барқарорлигининг калитидир”, “Миллатлараро динлар дўстлигини таъминлашда исломнинг ўрни”, “Ўзбекистондаги рус православ черкови: 150 йил яхши қўшничилик муносабатлари”, “Ўзбекистон – диний бағрикенглик мамлакати” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
Семинарда сўзга чиққанлар янги қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши жамиятда конфессиялараро тотувликни таъминлаш, жамиятда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Тадбир якунида маърузачилар семинарда тилга олинган мавзулар бўйича ўзаро фикр алмашиб, бу каби давра суҳбатларини мунтазам ўтказиш кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати