Ўзбекистон янгиликлари

Юртимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилади

Жорий йилнинг 1-30 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойи юртимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” этиб белгиланган. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълум қилмоқда.
Ойлик доирасида кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади, юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилади.
Вазирлик томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида айни вақтга қадар мамлакатимизда I гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда саёҳат қилиш истагини билдирган 552 нафар кексалар рўйхати шакллантирилди.
Ойлик доирасида ушбу фуқаролар ҳамда 60 мингдан ортиқ кекса авлод вакиллари иштирокида мамлакатимиз бўйлаб турли саёҳат, маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар,
“Ҳар куни 5 минг қадам" шиори остида пиёда юриш марафонлари ўтказилиши белгиланган.
Қарорга асосан, ойлик доирасидаги саёҳатлар учун қатор чегирма ва акциялар, хусусан, Транспорт вазирлиги, «Uzbekistan Airways» АЖ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда саёҳат қилувчилар учун йўл чипталари учун ихтиёрий чегирмалар белгиланиши кўзда тутилган.
Жумладан, республикамиз ҳудудида саёҳат қилиш истагидаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга
“Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 25 фоиз,
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 10 фоиз,
“Uzautotrans Service” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 15 фоиз чегирмалар тақдим этилади.
“Кексалар учун туризм” ойлиги доирасида барча тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда, белгиланган карантин талаблари асосида ўтказилиши қатъий назоратга олинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1088 марта ўқилди

Янгиликлар

Top