Ўзбекистон янгиликлари

Таиландда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган онлайн тақдимот ўтказилди

Мамлакатимизнинг Таиланддаги Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги вакиллари томонидан Таиланд сайёҳлик агентликлари уюшмаси (Thai Travel Agents Association) билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган онлайн шаклдаги тақдимот маросими ўтказилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Thai Travel Agents Association 1984 йилда ташкил этилган бўлиб, уюшма ASEAN мамлакатлари, жумладан Таиланд ҳудудидаги туроператорлар ва авиачипталар агентликларини бирлаштиради.
Видеомулоқот давомида Таиланднинг 40 дан ортиқ хорижий саёҳат пакетлари ва авиачипта сотишга ихтисослашган туроператорлари ва агентликлари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишлари барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” тизими, гастрономик, қишки ва зиёрат туризми имкониятлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, сайёҳлар учун яратилган инфратузилма ҳақида маълумот тақдим этилди. Анжуман иштирокчилари пандемия даврида республикага кириш тартиби ва ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга жавоб олди.

Ўз навбатида, Таиланд туроператорлари томонидан Қироллик ҳудудида Ўзбекистон билан яқиндан танишишга қизиқиш катталиги ва сайёҳлар ташрифини пандемиядан олдинги даражага етказиш мақсадида ўзаро авиақатновларни имкон қадар қисқа фурсатда қайта тикланишига умид билдирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1056 марта ўқилди

Янгиликлар

Top