Айни кунларда нафақат юртимизнинг таниқли уламолари Тошкент вилоятидаги масжидларга ташриф буюришиб, ўзларининг гўзал мавъизалари билан намозхонларни яхшиликка чақирмоқда, шу билан бирга, мўмин-мусулмонлар ҳам олимларимизни ҳайратга солишяпти.
Хуфтон намозига Зангиота туманидаги “Имоми Аъзам” жомесига келган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов куннинг сўнгги намозини жамоат билан адо этгач, маърузадан кейин ёши улуғ бир отахоннинг қилган ажойиб ишидан ҳайратланганини гапириб бердилар.
– Масжидга кираётсам, – дейди Иброҳимжон домла, – 85 ёшлар чамаси бир отахон ҳассасининг учини дастрўмоли билан артиб, сўнгра Аллоҳнинг уйига қадам босди. Юртимиз бўйлаб турли ҳудудларга борамиз, лекин бундай ҳолатлар кам кузатилади. Чунки қалби пок одам масжидни ҳам тоза, озода сақлайди. Табаррук ёшли отахоннинг бу гўзал хатти-ҳаракати барчамизга ибрат бўлиши керак. Халкимизнинг тақвоси –- Худодан қўрқиш фазилати энг олий ва беқиёс даражада. Бу таҳсинга сазовор, албатта. Ана шундай жамоани шакллантирган масжид имом-хатиби ва ходимларига ташаккур изҳор қиламан.
Дарҳақиқат, масжид Аллоҳнинг уйи. Бу табаррук масканда аввало сурат ва сийрат гўзал бўлиши керак. Шундагина ибодатларимиз мукаммал бўлади.




Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бизга ризқ берувчи Зот Аллоҳдир, лекин У ризқни тўғридан-тўғри оғзимизга ёки қучоғимизга ташлаб қўймайди. Бизнинг вазифамиз — ҳаракат қилиш, Аллоҳнинг иши эса — муваффақ қилиш (тавфиқ бериш)дир.
«Унинг (ернинг) турли жойларида юринглар ва Унинг ризқидан енглар» (Мулк сураси, 15-оят).
Ҳатто сурункали ва оғир дардга чалинган Айюб алайҳиссаломга ҳам Роббиси бундай деган эди:
«Оёғинг билан (ерни) теп! Мана бу чўмиладиган муздек сув ва ичимликдир» (Сод сураси, 42-оят).
Ҳатто тўлғоқ азобида турган Биби Марямга ҳам Аллоҳ таоло:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит, у сенга янги пишган хурмоларни тўкади», — деди (Марям сураси, 25-оят).
Пок ва Муқаддас Зот хурмони унинг қучоғига шунчаки ташлаб қўймади. Балки энг қийин лаҳзада — тўлғоқ азобида бўлишига қарамай, унга:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит», — деб буюрди.
Демак, ҳаракат қилиш ва интилиш — матлубдир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ