Халқимизда: “Меҳр – кўзда”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, тез-тез кўришиб турган кишилар оқибатли бўлишади. Ана шу кўришув илм мажлисларига айланиб кетса-чи?.. Тадбир иштирокчилари маърифатли бўлишади.
Уламоларимизнинг ташрифлари намозхонлар ўртасида ҳам меҳрни, ҳам маърифатни юксалтиряпти. Мисол учун, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов хуфтон намозига Тошкент тумани “Ғишткўприк” жомесига бориб, намозни жамоат билан адо этгач, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтардилар.
Шунингдек, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов тумандаги “Зуннурайн” жомесида суҳбат қилиб бердилар.
“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов “Мирхалил ҳожи ота”га, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зайнилобиддин домла Қудратов “Ҳасан ибн Собит”га, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ “Ҳасанбой ота”га боришиб, маърузалар қилиб беришди.
Тошкент туманидаги “Доруссалом”, “Эшонбува”, “Рамадон”, “Ҳамд” жомелари ҳам хуфтон намозида фазйга тўлди.
Қибрай туманидаги “Ўнқўрғон”, “Байтқўрғон”, Зангиота туманидаги “Умир”, “Эшонгузар”, Янгийўл шаҳридаги “Олтинобод” масжидлари намозхонлари уламоларнинг суҳбатларидан баҳра олишди.




Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.