Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2026   |   22 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:57
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
07 Июл, 2026, 22 Муҳаррам, 1448

Қорақалпоғистонда яна битта масжид ўз фаолиятини бошлади

11.12.2021   5864   1 min.
Қорақалпоғистонда яна битта масжид ўз фаолиятини бошлади

Хушхабар: Ўзбекистонда масжидлар сони 2101га етди!

Чимбой тумани «Кенгес» овул фуқаролари йиғинидаги янгидан очилаётган «Юсуф ота» жоме масжидининг қурилиши 2020-йили бошланган эди. Орадан бир йил вақт ўтиб, барча қулайлиқларга эга, ихчам ва атрофлари обод масжид иморати тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли томонидан қуриб битказилди.

Бугун ушбу масжиднинг очилиш маросими бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов, Чимбой тумани ҳокими А.Тажетдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи А. Отеўлиев, масжид имомлари, нураний оқсоқоллар ва «Кенгес» овули турғунлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар сўнги йилларда диний соҳадаги ютуқлар, республикамизда қисқа вақитнинг ичида амалга ошаётган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар ва ислоҳотлар ҳаққида айтиб ўтди. Масжид қурилишига яқиндан ёрдам берган тадбиркорларга, қурилишчиларга ва овул турғунларига ўзларининг миннадорчилигини билдирди.

Бу иншоот тумандаги 2-масжид бўлиб, бу ерда барча имкониятлар яратилган. Бу масжидда биринчи марта ўқилган жума намозида халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини тилаб дуолар қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистонда масжидлар сони 2101 га, Қорақалпоғистонда эса 58 масжидга етди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдинги 57-масжид шу ойда Қанликўл тумани «Қос жап» овул фуқаролари йиғини ҳудудидан «Атажан хўжа» номи билан иш бошлаган эди.

Янгидан иш бошлаётган масжидларимизни Аллоҳ таоло муборак қилсин. Қиёмат кунига қадар мўмин-мусулмонлар учун хизмат қилишини насиб қилсин.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

ЎМИ Масжидлар бўлими

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Маърифатга таянган тараққиёт йўли

07.07.2026   134   5 min.
Маърифатга таянган тараққиёт йўли


“Халқ сўзи” газетаси
2026 йил 7 июль, № 137 (9308)

Маърифатга таянган тараққиёт йўли

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 7-11 июль кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси — тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги Халқаро ислом цивилизацияси форуми олдидан брифинг ташкил этилди. Унда анжуманнинг мақсад ва вазифалари, тадбирлар дастури ҳамда халқаро аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мазкур форум Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган маърифат ва диний бағрикенглик ғояларининг амалий давоми ҳисобланади.

Форумнинг бош мақсади ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, буюк алломаларимиз меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, турли мамлакатлар олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказиладиган анжуманда 50 дан ортиқ давлатлардан деярли 300 нафарга яқин хорижлик меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.

Брифингда қайд этилганидек, форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросими Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши ҳам рамзий аҳамият касб этиши таъкидланди. Зеро, қисқа вақт ичида мазкур марказ нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақадаги энг йирик ва нуфузли илмий-маърифий масканлардан бирига айланиб улгурди.

Форум ўз кўлами жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унинг доирасида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда қатор соҳавий шўъба ташкил этилади. Уларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.

Анжуман доирасида китоблар ва илмий нашрлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган “Имом ал-Бухорий — Уммат китоби”нинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари мавзусидаги халқаро конференция тезислар тўплами, IRCICA билан шерикликда нашр этилаётган “Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи” китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан биргаликда чоп этилган Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар намойиши форумнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири бўлади.

Форумнинг биринчи кунги ялпи мажлисларида ислом цивилизациясининг маънавий мероси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, қўлёзмаларни асраш, музейлар ва кутубхоналар ҳамкорлигини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади.

Тадбир давомида Ўзбекистондаги илмий-маърифий марказлар ва хорижнинг етакчи илмий муассасалари ўртасида қўшма лойиҳалар, янги илмий нашрлар, археологик кашфиётлар, ноёб қўлёзмалар ва рақамли лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, ҳамкорликка оид “Йўл хариталари” муҳокама қилиниб, меморандум ва битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу эса форумнинг фақат илмий муҳокама билан чекланмасдан, аниқ амалий натижаларга хизмат қилишини кўрсатади.

Тадбирнинг муҳим қисми Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференциялардир. Улар буюк алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий меросини ҳар томонлама ўрганишга бағишлангани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, Самарқандда ўтказиладиган “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари — Уммат китоби” мавзусидаги халқаро конференцияда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, унинг илмий камолоти, ҳадисларни саралаш услублари, “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг яратилиш тарихи, қўлёзмалари ҳамда мазкур асарнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинади. Бу конференция доирасида бешта пленар йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларда Саудия Арабистони, Миср, Марокаш, Тўркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Буюк Британия, Тунис ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи ҳадисшунос олимлар маърузалар қилади.

Имом Мотуридийнинг бебаҳо меросига бағишланган конференцияда эса мўътадиллик, диний бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги каби масалалар замонавий нуқтаи назардан таҳлил этилади.

Термиз шаҳрида ўтказиладиган анжуман Термиз ҳадис мактаби ва Имом Термизийнинг жаҳон ҳадисшунослигига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганишга бағишланади. Бу конференциялар орқали Ўзбекистон нафақат буюк алломалар юрти, балки улар меросини тизимли ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишнинг замонавий маркази сифатида ҳам намоён бўлади.

Брифингда таъкидланганидек, Халқаро ислом цивилизацияси форуми мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилаётган йирик халқаро маърифий анжуман сифатида Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси бой меросини асраб-авайлаш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини яна бир бор намоён этади. Шу маънода, форум нафақат илмий мулоқот майдони, балки тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини бирлаштирувчи нуфузли халқаро платформа бўлиши кутилмоқда.

 

Ўзбекистон янгиликлари