Пешовар университети ҳузуридаги Алишер Навоий марказида «H.E. Shavkat Mirziyoyev: A visionary statesman» (“Шавкат Мирзиёев: узоқни кўра биладиган давлат арбоби”) номли таҳлилий мақолалар китоб-тўплами тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг Исломободдаги элчихонаси маълумотига кўра, китоб-тўплам дипломатия миссияси томонидан Исломобод глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази (ГСТМ) билан ҳамкорликда нашр этилган бўлиб, унда Янги Ўзбекистон эришган ютуқлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, ички ва ташқи сиёсат, хусусан, минтақавий ва глобал ташаббуслар, жумладан, Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро конференцияда илгари сурилган 10 та ташаббусга бағишланган 14 та таҳлилий материал жамланган.
ГСТМ ижрочи директори Ҳолид Таймур Акром тўплам нусхаларини Пешовар университетининг Минтақавий (Россия, Хитой ва Марказий Осиё) тадқиқотлар маркази директори, профессор Шабир Аҳмад Хонга топширди.
Профессор Шобир Аҳмад Хон Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон минтақадаги қудратли мамлакатга айланганини таъкидлади. Эксперт Ўзбекистон раҳбари томонидан Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган ташаббусларни алоҳида қайд этди.
Шунингдек, у бундай академик ташаббуслар икки минтақа маданияти ва ижтимоий-иқтисодий динамикасини ўзаро англаш учун зарурлигини таъкидлади.
Китоблар Пешовар университети кутубхонаси ва Алишер Навоий марказига топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида "Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш" ўн кунлиги лойиҳаси доирасида "Сохта салафийлик: тарихи, ғояси, белгиси, хатарлари" мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳам иштирок этди.
"Зиё" медиа маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу ўн кунлик тадбирларидан мақсад – ёшларни радикализм, терроризм, экстремизм, сохта даъволар, ғаразли даъватлар, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар, оммавий маданият таъсиридан ҳимоялаш, уларда ватанпарварлик, садоқат туйғуларини шакллантиришдир.
Тадбир мавзуларини кенг ва атрофлича ёритиб бериш учун ижтимоий-сиёсий, диний, маданий-маърифий соҳада ўз соҳасининг етакчи экспертлари маърузалари билан қатнашди.
Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг: “Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, деган сўзлари ўн кунликнинг шиорига айланган.
Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати