Аллоҳга шукр, икки йил сабр ила кутилгандан сўнг умра зиёрати бошланмоқда. Ўтган куни жорий умра мавсуми нархлари, навбатлари, учиш вақтлари ва вакциналар ҳақида хабар берилди.
Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари пандемиядан аввал, яъни 2020 йил февраль ойига қадар қилинган умра тўлови миқдорига қўшилган қиймат борасида турли мулоҳазалар билдирмоқда.
Шу боис, қўшимча тўлов тафсилотини қуйидаги жиҳатлар орқали баён қиламиз:
Биринчи, коронавирус пандемияси умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Аввал қайд этганимиздек, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилди.
Ҳар бир фуқаронинг сафарга чиққандан то она-Ватанга қайтиб келгунга қадар эпидемиологик меъёрларга жавоб берадиган ташкилий ва тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминланади.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилди. Бунинг устига қиролликда 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам жорий этилди.
Иккинчи, табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, фақат тоату ибодатга сарфлаши учун Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли “Пулман зам-зам” ва Байтуллоҳ атрофидаги “Жабал Умар” ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинди. Қиёс учун, олдинги йилларда зиёратчиларимиз Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 км. бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган.
Булар зиёратчиларга беш маҳал намозни Ҳарами шарифларда адо этиш, дуою илтижолар билан банд бўлишда енгиллик беради. Йўл, таомланиш ва бошқалар учун кетадиган вақтни тежайди. Шунингдек, меҳмонхоналарда тиббиёт ва ишчи гуруҳлари хизмат кўрсатади.
Ўзбекистон Саудияда умра сафарини ташкил қилиш бўйича бир неча ширкат имкониятларини ўрганганини аввал ҳам хабар қилган эдик. Бунда Саудия ҳаж ва умра вазирлиги талабига асосан умрани ташкил этиш бўйича лицензияга эга бўлган ширкатлар бўлишига эътибор қаратилди. Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда муқобил таклиф билан чиқаётган баъзи ширкатлар умра хизматини кўрсатиш учун янгиланган рухсатномага эга эмаслигини билдириш билан кифояланамиз.
Олдинги узоқ йиллик ҳамкор ширкат ҳам пандемиядан кейин лицензия ололмагани учун бошқа, имконияти кенгроқ “Абу Сарҳад” ширкати билан шартнома имзоланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Қўшимча тўловлар юзасидан яна бир жиҳат. Ҳар бир Ҳаж ёки умра мавсуми тўловлари учун алоҳида ҳисоб рақам очилади ва сарф-харажатлар амалга оширилади. Маблағлар банкдаги махсус ҳисоб рақамда сақланади. Маблағлардан муборак сафарга тегишли йўналишлардан бошқа мақсадда фойдаланишга имконият мавжуд эмас. 2020 йил февраль ойига қадар умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқароларнинг мурожаатига асосан тўловлари қайтариб берилди. Қолган фуқароларнинг маблағлари ўз ихтиёрларига кўра, умра ҳисоб рақамида сақланмоқда.
Мўмин-мусулмонларни умра ибодатига бошчилик қилишда кўп йиллик тажрибага эга, диний мутахассислар билан таъминлайдиган ва бу борада ваколатли, расмий ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали муборак сафарни хавфсиз адо этишга чақирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мунтазам равишда халқимизнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда умра сафари нархларини мақбуллаштиришни давом эттиради, бу борада янгиликлар бўлса, расмий матбуотда эълон қилади.
Сўзимиз якунида, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда ахборот тарқатувчилардан тўлиқ ўрганилмаган ахборот тарқатиш шаръий жиҳатдан тўғри эмаслиги ва қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини ҳисобга олиб, бирор хабар эълон қилишдан олдин иккинчи томоннинг ҳам фикрини олишлари учун доимий ҳамкорликка тайёрлигимизни билдирамиз.
Аллоҳ таоло умрага отланганларнинг сафарларини муборак қилсин, Икки Ҳарами шариф зиёратини барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати